Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги яна бир ўтказиш пункти тикланди

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасидаги «Оқ-Тош» (Қирғизистон) — «Бирлашган» (Ўзбекистон) ўтказиш пункти иши 25 декабрь куни қайта тикланди. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар берди.
Пункт Қирғизистоннинг Барак эксклави аҳолисига мамлакатнинг асосий ҳудудига бемалол ўтиш имкониятини беради.
Бу ҳақдаги келишувга 18 декабрь куни Ўш шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон бош вазири Маҳаммадкалий Абилгазиев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган. Музокаралар икки мамлакат чегарадош вилоятлар раҳбарлари кенгашининг иккинчи йиғилишида бўлиб ўтган.
«Оқ-Тош» ўтказиш пункти давлат чегарасининг Қирғизистон — Ўзбекистон қисмида жойлашган ва Барак эксклавини Ўш вилоятининг Қора-Сув тумани билан боғлаб туради. Мазкур пункт Барак қишлоғи аҳолисини ўтказишни 2013 йилнинг баҳорида вақтинча тўхтатган эди.
Аввал Барак эксклави аҳолиси Қирғизистоннинг асосий ҳудудига ўтиш учун 150 километр масофани босиб ўтиб, «Қизил-Қия автойўл» назорат-ўтказиш пунктига боришга мажбур эди. Ўш шаҳрига етиб бориш учун эса 300 километр масофани босиб ўтиш талаб қилинган. Энди «Оқ-Тош» пункти орқали мамлакатнинг асосий ҳудудига ўтиш учун бир километрдан сал кўпроқ масофа босиб ўтилади.
Ўтказиш пунктлари ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача ишлайди. Фавқулодда вазиятларда аҳолини ўтказиш кечаю кундуз амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter