Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон «Электрон ҳукумат» соҳасида манфаатли келишувларга эришди

Ўзбекистон ва Қозоғистон «Электрон ҳукумат» соҳасида манфаатли келишувларга эришди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлди.

Ташрифдан кўзланган мақсад AKT соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар, эришилаётган натижалар билан ўртоқлашиш баробарида «Электрон ҳукумат» қамровини янада кенгайтириш, малакали IT-кадрларни тайёрлаш ҳамда IT-индустрия ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш бўйича яхши кўрсаткичга эришаётган давлатлар тажрибасини ўрганиш, шунингдек, икки томонлама манфаатли келишувларга эришишдир.

Шу муносабат билан 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси АКТ вазирлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Баҳром Зияев ҳамда Қозоғистон Республикаси «Зерде» Миллий инфокоммуникация холдинги» АЖ бошқарув раиси Арман Абдрасилов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Нима учун айнан «Зерде»?

«Зерде» – йирик IT холдинглардан бири, AКТ соҳасидаги миллий ривожланиш институти, электрон ҳукуматнинг хизмат интегратори. Компания 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, электрон ҳукуматни ривожлантириш билан шуғулланади ва давлат органларининг IT -архитектурасини яратади. У «Рақамли Қозоғистон» давлат дастурини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни олиб боради, IT -технологиялар бозорини ривожлантириш ва илғор лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланади. Холдинг фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши – Қозоғистонда IT-саноатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш.

Холдинг таркибига 4 та шўъба корхона: «Миллий ахборот технологиялари» AЖ, «Astana Hub» IT-стартаплар халқаро технопарки, «Qazinnovations» инновацияларни ривожлантириш миллий агентлиги AЖ, Остона IT университети киради.

«Зерде» холдингининг соф фойдаси – 6,35 миллион долларни, жамланган фойдаси – 13,1 миллион долларни, ишчилар сони эса 2300 нафарни ташкил этади.

Йирик лойиҳаларидан eGov.kz давлат хизматлари портали ва eGov Mobile мобил иловаси, давлат органларининг IT-архитектураси, лойиҳаларни бошқариш, ҳаво юкларини ташиш соҳасида қоғозсиз ҳужжат айланиши, техник кўрикдан ўтказиш учун ягона IT кабилар алоҳида эътирофга лойиқ. Шунингдек, автотранспорт воситалари, нефт маҳсулотларининг айрим турларини ҳисобга олиш, AКТ соҳасида миллий, давлатлараро ва халқаро стандартлаштириш доирасидаги ишлари ҳам юқори баҳоланган.

Ўзбекистон томонни қизиқтирган лойиҳалар

Икки давлат масъуллари ўртасида кечган самимий суҳбатда бир нечта муваффақиятли лойиҳалар Ўзбекистон томонида алоҳида қизиқиш уйғотди:

  • eGov Mobile мобил иловаси – смартфонлар орқали давлат ва электрон давлат хизматларини кўрсатишга мўлжалланган. Жами фойдаланувчилар сони – 8,4 млн. Кўрсатиладиган хизматлар сони – 113 та. 2021 йилда 11,4 млн. хизмат кўрсатилган.
  • "Рақамли ҳужжатлар" – eGov Mobile иловасида шахсий электрон ҳужжатларни сақлаш хизмати. Жами 4,6 миллион фойдаланувчиси бор. Иловада 15 турдаги рақамли ҳужжатлар (шахсни тасдиқловчи гувоҳнома, ҳайдовчилик гувоҳномаси, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ гувоҳномаси, техник паспорт, CОВИД-19 учун ПЗР тести натижаси, эмлаш паспорти ва бошқалар) мавжуд. Шунингдек, фуқаронинг розилиги билан учинчи шахсга ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятини ҳам беради.
  • Коммунал хизматлар учун ягона ҳисоб-китоб маркази. Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш тартибини соддалаштириш ва истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ягона коммунал ҳисоб-китоб маркази очилган. У орқали электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув, газ, канализация ва чиқиндилар учун тўловни битта чек орқали амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, ер, мол-мулк, транспорт солиқлари, кабел телевидениеси ва бошқалар учун тўловларни ҳам ягона квитанцияга киритиш режалаштирилаётган экан.

Рақамлаштириш ва электрон ҳукумат тизимидаги бу каби илғор лойиҳалар БМТнинг 2020 йилги электрон ҳукумат рейтингида Қозоғистоннинг 29-ўринга  (МДҲда 1-ўрин, 10 поғона юқорига) кўтарилишига сабаб бўлди.

Мустаҳкам ҳамкорлик, катта тажриба ва истиқболдаги лойиҳалар...

Учрашув якунида электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш ва давлат хизматларини рақамли ўзгартириш бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Aхборот технологиялари вазирлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда «Зерде» холдинг компанияси ўртасида Меморандум имзоланди.

Умид қиламизки, ушбу ҳужжат ҳам томонлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш баробарида, тажриба алмашиш ва рақамлаштириш соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режасини ишлаб чиқишга, жумладан, электрон ҳукумат инфратузилмасини, давлат хизматлари миллий порталини ва унинг мобил иловасини ривожлантириш, электрон давлат хизматлари бизнес-жараёнларини реинжиниринг қилиш, IT мутахассислар малакасини ошириш каби соҳа ривожи йўлидаги улкан мақсадларимиз рўёбига озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг