Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйган 200 нафардан ортиқ раҳбар жавобгарликка тортилди

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйган 200 нафардан ортиқ раҳбар жавобгарликка тортилди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 14 декабрь куни Тошкентда «Меҳнат соҳасининг келажаги: халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб меҳнат билан бандликни таъминланиш ташаббуслари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда. Тадбир доирасида Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюрди.

Халқаро конференцияга турли мамлакатлардан ҳукумат делегациялари ва халқаро ташкилотларнинг меҳнат бўйича экспертлари ташриф буюрдилар.

Фото: «Xabar.uz»

Ташкилот бош директори Гай Райдер бошчилигидаги ХМТ делегацияси таркибида ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси директори Ҳейнз Коллер, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича идораси директори Олга Кулаева, ХМТнинг Меҳнат бандлик масалалари бўйича бюроси бош мутаҳассиси Михаил Пушкин юртимизга келишди.

Фото: «Xabar.uz»

Шунингдек, Афғонистон, Қирғизистон меҳнат вазирлари, шунингдек, Озарбайжон меҳнат вазирининг ўринбосари, Қозоғистон вице-вазири, Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлигининг Миграция хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари, Россия Федерацияси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари конференцияда иштирок этишмоқда.

2013 йилдан бошлаб Халқаро Меҳнат Ташкилоти пахта терими билан боғлиқ вазият юзасидан изланишлар олиб бормоқда. 21 ноябрда эълон қилинган мониторингнинг дастлабки натижалари шуни кўрсатмоқдаки, пахта мавсумида 2018 йилда теримчиларнинг 93 фоизи ушбу жараёнда ихтиёрий равишда иштирок этган ва Ўзбекистон ҳукумати мансабдор шахсларнинг пахта теримига мажбурлашлари учун жазони кучайтирган. Тадқиқот давомида маълумотларни тўплашнинг сифатли ва миқдорий усулларидан фойдаланилган, соҳаларда ва фокус-гуруҳлар доирасида 11 мингдан ортиқ интервью, чуқур интервью ва телефон орқали сўровлар ўтказилган. Хусусан, сентябр-ноябрь ойларида пахта йиғим-теримчиларининг 3000 нафари сўроққа тутилган.

Мониторинг маълумотларига кўра, жорий йилда талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг пахта теримига жалб этилмаганлиги қайд этилди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, Халқаро меҳнат ташкилоти ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган конференцияни Ўзбекистонда ҳам ўтказилиши халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатлари соҳасида эришган тараққиётини эътироф этган ва қадрлаганини кўрсатади.

ХМТ бош директори Гай Райдернинг мамлакатимизга ташрифи фақат пахта теримида болалар ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш туфайли рўй берди.

Давлат меҳнат инспекциясининг 200 нафар инспектори фуқароларнинг мажбурий меҳнат тўғрисидаги мурожаатларига доимо аҳамиятли бўлиб, жавоб беришган. 2018 йил сентябрдан ноябргача Вазирликнинг ишонч телефони ва Телеграм канали 2254 та қўнғироқни қабул қилинган. 284 ҳолат бўйича мажбурий пахта терими тасдиқланди. Бундан ташқари, жорий йилда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ихтиёрий пахта терими қоидаларининг бузилишига қарши илк бор ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорлик қилишди. Текширувлар натижаларига кўра, 200 нафардан ортиқ раҳбар маъмурий жавобгарликка тортилди, лавозими пасайтирилди ва ишдан бўшатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг