Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда педофилларнинг рўйхати қачон шакллантирилади?

Ўзбекистонда педофилларнинг рўйхати қачон шакллантирилади?

Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди етти ёшли қизчага тегажоғлик қилган собиқ ҳарбийни 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этгани ҳақида хабар берган эдик. 1968 йилда туғилган судланувчи аввал ҳам ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан бузуқ ҳаракатлар содир этган.

Ушбу суд ишига муносабат билдирган жамоат фаоллари Ўзбекистонда ҳалигача вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилган шахслар реестри шакллантирилмаганига эътибор қаратмоқда.

«Менга суднинг бу тариқа ҳукм чиқариши маъқул. Адолат дегани шу. Аммо маъқул келмайдиган жиҳат шуки, биз бу каби разил шахсларнинг исмини Х.А. каби қисқартмалар орқали яширишга мажбур бўлмоқдамиз. Ҳолбуки, зўравонлар ва педофилларнинг очиқ рўйхати тузилиши керак эди», – деб ёзди блогер Никита Макаренко.

Жамоат фаоли Азиза Умарова ҳам вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этган шахслар реестри зарурлигини таъкидлаган.

Зўравонлик мавзусини ёритиб келаётган «Сукут сақлама» («Не молчи») лойиҳасининг эслатишича, жорий йил 11 апрель куни Ўзбекистон президенти «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган.

Унга кўра, уч ой ичида (яъни июль ойидан бошлаб) бир қатор жиноятлар, жумладан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун судланган шахслар реестрини шакллантириш ва юритиш вазифаси белгиланган.

«Қора рўйхат»га тиркалган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланган.

«Афсуски, болаларга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлар содир этаётган шахсларга етарлича эътибор қаратилмаслик янада оғирроқ жиноятлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Июль ойида Ўзбекистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилган шахслар реестри пайдо бўлиши керак эди, бироқ ҳозирча бу ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ», – деб ёзади «Сукут сақлама» лойиҳаси.

Жорий йил 31 январь куни Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилгач, педофилларга нисбатан жазони кескин кучайтириш ҳақида мунозаралар кучайди.

Ўша пайтда Президент администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритган Комил Алламжонов қонунчиликка педофилларни кимёвий бичиш жазосини киритишни таклиф қилди.

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига педофилларни кимёвий бичиш масаласида петиция ҳам жойланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг