Ўзбекистонга олиб ўтилаётган қарийб 45 минг долларлик қорамоллар тўхтатиб қолинди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати жорий йилнинг 30 июль ва 1 август кунлари мамлакат чегарасидан жами 34 бош қорамолнинг Ўзбекистонга ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, 30 июль куни Жалолобод вилоятининг Ахси туманида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро А.у.Н. чегара орқали 13 бош қорамолини ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлганида қўлга тушган.
Шунингдек, ҳудди шундай ҳолат жорий йилнинг 1 август куни ҳам Олабуқа туманининг Актам қишлоғи ҳудудида чегарачилар Қирғизистондан 21 бош қорамол Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган 1989 йилда туғилган ахсилик фуқаро С.К. ни қўлга олишган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қўлга олинган қорамолларнинг умумий қиймати 3 миллион 725 минг сом ( тахминан 44 786 АҚШ доллари)ни ташкил қилган.
Қирғизистон МХҚ матбуот хизматига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади ва тегишли тартибда ваколатли органлар ихтиёрига топширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистондан Ўзбекистонга 78 бош қўй-эчки ҳайдаб ўтмоқчи бўлган 24 ёшли жалолободлик фуқаронинг қўлга олингани ва тутиб қолинган чорва қиймати 780 минг қирғиз соми (тахминан 9400 АҚШ доллари)ни ташкил этгани ҳақида хабар тарқатилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter