Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг «Тадбиркорлик кодекси» қабул қилиняпти

Ўзбекистоннинг «Тадбиркорлик кодекси» қабул қилиняпти

Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Уларнинг тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп миқдорда қабул қилинганлиги зарур бўлган қонунчилик ҳужжатини топиш ҳамда амалда қўллашда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига 100 ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш орқали тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳужжат билан тартибга солиш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Кодекс лойиҳаси билан тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, субъектлар тенглиги, ҳалол рақобат, виждонлилик презумпцияси, коррупциядан холилик каби асосий принциплари мустаҳкамланмоқда. Тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда тоифа сифатида фақат кичик тадбиркорлик субъекти мавжуд эди).

Шунингдек, тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари кўзда тутилмоқда. 39 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур кодексга илова сифатида тасдиқланиб, рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, кодекс лойиҳаси билан халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари, уларни қўллаб-қувватлаш механизми белгиланмоқда.

Бундан ташқари, кодекс лойиҳасида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилиши билан мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, кодекс лойиҳаси билан жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратилади, хусусий мулкни, шунингдек, тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинади. 

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг