Ўзмиллийбанк етакчи немис банклари Commerzbank AG ва AKA Bank билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

2025 йил 20 июнда Дюсселдорф шаҳрида Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг (ГЎИК) 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилиш Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари ўртасида сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланган.
Тадбирда икки мамлакатнинг 100 га яқин етакчи компания ва молия институтлари вакиллари иштирок этди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, транспорт-логистика, рақамлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, агросаноат комплекси, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий воситалар, шунингдек, меҳнат миграцияси ва «яшил» энергия соҳасида шериклик муносабатлари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг асосий натижаларидан бири “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ (Ўзмиллийбанк) Германиянинг етакчи банклари бўлган Commerzbank AG ва AKA Bank билан умумий қиймати 200 миллион долларга тенг кредит линияларини жалб қилиш бўйича иккита муҳим келишувнинг имзоланиши бўлди.
Имзоланган шартномаларнинг амалга оширилиши Ўзмиллийбанкнинг Давлат мулкини бошқариш хизмати соҳаларида шакллантирилган янги инвестиция портфелини қўллаб-қувватлаш бўйича молиявий имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Бу икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлади, узоқ муддатли капитал оқимини таъминлайди, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри Германия сармоясини жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Бундан ташқари, келишувлар Ўзбекистоннинг 2025 йилга мўлжалланган халқаро молия институтларидан 6 миллиард доллар миқдорида ташқи молиялаштиришни жалб этиш назарда тутилган Давлат инвестиция дастурининг устувор йўналишларига тўлиқ жавоб беради. Мазкур дастур доирасида Ўзмиллийбанк зиммасига 1,2 миллиард доллар жалб этиш бўйича асосий вазифа юкланган бўлиб, эришилган келишувлар уни босқичма-босқич амалга оширишда муҳим қадамдир.
Хусусан, Commerzbank AG билан келишув халқаро капитал бозорида инвесторлар томонидан молиялаштиришни ташкил этишни назарда тутади ва Ўзбекистон учун узоқ муддатли ресурсларни жалб қилишнинг барқарор ва шаффоф механизмларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Ушбу ташаббус ташқи молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва жаҳон молия бозорларидаги ўрнини мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ўсиш ва устувор лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Жалб қилинган маблағлар мамлакатдаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнес соҳасини ривожлантиришга йўналтирилиши режалаштирилган. Тўқимачилик ва тоғ-кон саноати, туризм, хизмат кўрсатиш, металлургия, транспорт, инфратузилма ва муқобил энергетика каби стратегик соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринларини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишига хизмат қилади.
Commerzbank AG – Германиянинг энг йирик универсал банкларидан бири бўлиб, активлари 555 миллиард евро, капитали 36 миллиард евро ва соф фойдаси 3 миллиард еврони ташкил этади. Банк халқаро лойиҳаларни молиялаштиришда фаол қатнашади ва жаҳон иқтисодиётининг ривожланишини қўллаб-қувватлайди.
AKA Bank – Германиянинг ихтисослашган молия институти бўлиб, капитали 300 миллион евро, активлари 4 миллиард евро ва соф фойдаси 13 миллион еврони ташкил этади. Банк Европанинг етакчи банклари консорциуми бўлиб, савдо ва экспортни молиялаштиришда фаол қатнашади, Европа товарлари ва хизматларини халқаро бозорларга етказиб беришни қўллаб-қувватлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter