«Ўзрепорт ТВ» ходимига тажовуз бўйича ИИББ ахборот берди
Ижтимоий тармоқларда «Ўзрепорт» телеканалидаги «No comment» кўрсатувини тасвирга олиш жараёнида телеканал операторига икки нафар шахс ҳужум қилиб, видеокамерага шикаст етказгани ҳақидаги лавҳа тарқалганди.
Ҳолат юзасидан кўплаб мунозаралар келиб чиққани сабаб Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
«2020 йилнинг 13 сентябрь куни Чилонзор тумани Муқимий кўчасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасини «Ўзрепорт» телеканалидаги «No comment» кўрсатуви учун суратга олиш жараёнида икки нафар фуқаро — 27 ёшли Жахонгир М. ва 22 ёшли Аюбхон Б. телеканал оператори Бахтиёров Фаёзбекка қўллари билан видеотасвирга олиш жараёнига тўсқинлик қилган. Натижада «Ўзрепорт» телеканали операторининг қўлидаги видеокамера шикастланган.
Мазкур воқеа юзасидан ҳудудий профилактика инспектори томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўришлик учун Тошкент шаҳар Чилонзор тумани маъмурий судига юборилган. Тўпланган ҳужжатларга асосан Жахонгир ва Аюбхон Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун жарима жазоси тайинланган.
Лавҳада қайд этилган ҳолат бўйича профилактика инспекторининг ҳаракатлари қонунийлигини текшириш мақсадида Тошкет шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда, якуни бўйича қонуний баҳо берилади.
«Ўзрепорт» телеканали мутасаддиларига, суднинг қароридан норози бўлганлиги ҳолати бўйича ўрнатилган тартибда юқори турувчи судга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди», дейилади ИИББ ахборотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter