Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Пандемияни биринчи бўлиб тугатган мамлакат»да коронавирусни юқтириш тўрт ҳисса кўпайди

«Пандемияни биринчи бўлиб тугатган мамлакат»да коронавирусни юқтириш тўрт ҳисса кўпайди

Фото: «Rossaprimavera»

Исроил — коронавирусга қарши вакцинация энг намунали ва сифатли амалга оширилаётган саноқли мамлакатлардан бири. Ҳатто «Исроил коронавирус пандемиясини тугатган биринчи мамлакат бўлди», дея жар солганди 2021 йилнинг баҳорида «The Times Of Israel» газетаси.

Бироқ... ҳозир бутунлай бошқа манзара. 

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, ўтган сутка давомида коронавирусни юқтириш бўйича 43 815 та янги ҳолат рўйхатга олинди — бу пандемиянинг илгариги тўлқинлари давридаги энг катта рекорддан тўрт баравар юқори кўрсаткич!

Беморларнинг 254 нафари оғир аҳволда, 63 нафари ўпкага ҳаво юборувчи қурилмага улаб қўйилган.

Исроилда коронавирус пандемияси энг авжига чиққан даврда кунлик касалланиш ҳолатлари 10 мингтагача чиққанди.

Яқинда бош вазир Нафтали Беннет Исроилнинг жами 9,4 миллионлик аҳолисидан 2 миллиондан 4 миллионигача «Омикрон» штаммини юқтириб олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Шунга қарамасдан, айрим чекловлар юмшатилмоқда, хусусан, чегаралар очиляпти, «яшил паспортлар» бекор қилиниб, вирусни юқтирганлар билан мулоқот қилганлар учун карантин 10 кундан 7 кунга қисқартирилмоқда.

Исроилда ҳозир оммавий тўртинчи эмлаш бошлаб юборилган. Айни пайтга келиб 424 000 киши тўртинчи эмлашни олди, 4,3 млн. киши — уч марта, 5,9 млн. киши — икки марта, 6,6 млн. киши — бир мартадан эмланган.

Worldometer маълумотларига кўра, коронавирус пандемияси даврида Исроилда 1 589 106 киши (мамлакат аҳолисининг 17 фоизи) касалланди, беморларнинг 8 274 нафари вафот этган, айни пайтда 200 616 нафар бемор даволанмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг