Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пешку туман БЎСМ ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб этилгани юзасидан расмий баёнот берилди

Пешку туман БЎСМ ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб этилгани юзасидан расмий баёнот берилди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Бугун, 19 июн куни Kun.uz сайти орқали Пешку туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тренерлар мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги тўғрисида хабар эълон қилинди.

Ушбу хабар эълон қилиниши билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги топшириғига асосан, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари бошчилигидаги масъул ходимлар мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Пешку туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етиб борди.

Маълумки, Республика Махсус комиссияси томонидан пандемия талабларининг юмшатилиши натижасида республикамизнинг барча «яшил» ҳудудларида болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спорт секциялари ва тўгараклари фаолияти қайта тикланмоқда.

Пандемия даврида икки ойдан ортиқ вақт давомида карантин талабларига риоя қилиш мақсадида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тўлиқ иш фаолиятини тўхтатилган. Эндиликда спорт мактабида спорт секциялари фаолияти қайта тикланишига тайёргарлик кўриш мақсадида ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда мактаб жамоаси мактаб ҳудудларини ободонлаштириш учун ихтиёрий равишда шанбаликка таклиф этилган.

Масъуллар томонидан ҳолат ўрганилгач, ходимларга ўз фаолиятидан ортиқча вазифа берган Пешку туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи ҳамда туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорига интизомий жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги юзасидан қаттиқ огоҳлантириш берилди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тренерлар ва ходимларнинг ўзбошимчалик билан мажбурий меҳнатга жалб этилишини олдини олиш мақсадида тизимдаги барча ташкилот ва муассасаларда тушунтириш ишларини кучайтиради.

Маълум қиламизки, маҳаллий ёшлар учун Пешку тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли марказий ўйингоҳ инвестиция дастури асосида қайта реконструкция қилиниб, жорий йилнинг ўзида фойдаланишга топширилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Kun.uz таҳририятига бу каби ҳолатлар бўйича муносабат билдирганлиги учун миннатдорлик билдиради ва келгусида жисмоний тарбия ва спортни аҳоли орасида оммалаштириш борасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг