Поездда: жингалаксоч Шаҳриёр Бахтиёров билан кутилмаган суҳбат

Шимолий вокзалдаман, «Афросиёб» поездида сафарга кетмоқчиман. Юкларимни назоратдан ўтказаётсам ўзининг юморли чиқишлари билан ном қозонган Бобур Мансуров жамоасида роллари билан танилган модел, актёр, блогер жингалаксоч Шаҳриёр Бахтиёровни учратиб қолдим. Тўрт ёшлар чамасидаги қизчасини ўзи юрадиган жомадонга ўтқазиб олганча назорат кассасига яқинлашди. Буни қаранг-ки, жойимиз ҳам ёнма-ён экан.
Бобур Мансуров жамоасидан бошқа деярли ҳеч қайси вайнерни кузатмайман. Бошида ушбу жамоа ўйлаб топаётган ғоялар, мавзулар ва жамоадаги актёрларнинг харизмалари, актёрлик маҳоратини кузатиб, оддий ҳаваскор вайнерлар эмаслигини англаб етган эдим. Кейин 2022 йил таҳририятимиз Бобур Мансуров билан уюштирган суҳбат орқали билдимки, жамоадаги барча йигитлар Маданият ва санъат институтини битирган экан... Шаҳриёр билан шунчаки суҳбатлашиб кетдик.
– Қишлоққа кетяпмиз, ота-онамникига деди, қаерга деган саволимга Шаҳриёр ва суҳбатимиз ўз-ўзидан қизиб кетди.
– Сизларни ҳатто қўшни мамлакатларда ҳам кузатишади, «кайфиятим йўқ эди, шу болларнинг туришининг ўзи кулгу уйғотади одамда», «ҳамма вайнерлар орасида номер бир вайнерлар», «ғоя қаердан келади сизларга ўзи», деб ёзишади мухлисларингиз, яъни сизларни жуда кўпчилик жуда интиқлик билан кутишади ва томоша қилишади...
– Баъзида ишонасизми бир хилларга ҳар куни оддий турмушимизда учрайдиган одамларнинг бир-бирига бўлган муносабатларини олиб чиқишимиз ёқмайди. Айтайлик, овқатланишга бориб пул тўлашдан қочадиган дўст, ўғли билан келинига яшашга бермайдиган худбин қайнона, фарзандини Россияга жўнатиб йиллаб келини ва ўғлини оила бўлиб яшашига қўймайдиган, пулни, орзу ҳавасни биринчи ўринга қўйган ота-оналар ёки билимсиз шифокор, буларнинг барчаси жамиятимизда бор... Ғояни қаердан топишимизга келсак, оддий одамлар орасида юрамиз, кузатамиз, чапани, соддалик ортига яширинган ўзига хос характер, иллатларни топамиз.
– Яъни, изоҳларни ўқиганимда (масалан зиқна, пул тўлашдан қочадиган, қизғанчиқ, хасис, кўролмайдиган роллар) бир-икки мухлислар нимани тарғиб қиляпсанлар, сенлар шунақа паст, зиқна, ичи қора бўлсанг керак дейишади?
– Биз зиқна, айёр, фирибгар, анқов, лақма, маддоҳ, ўғри-муттаҳамларнинг ролига киришиш орқали бошқаларга ойна тутамиз...
– YouTube, Facebook ва Instagramда томошабин, мухлислар қолдираётган изоҳларни ҳам ўқиб чиқаман. Жуда кўпчилик юқорида айтганимдек чиқишларингизни интиқлик билан кутишаётганини ёзишади. Лекин асосан Facebookда кўпчилик танқид қилади, сизларни рекламага кўп урғу бераётганликда айблайди...
– Аввал YouTubeда кўришлардан яхши даромад олардик, кейин монетизация, яъни пул тўлаш тизими ўзгаргандан кейин бир видеомизга 40 долларга яқин оладиган бўлдик. Бу катта жамоа учун жуда кам пул, яъни рекламадан бошқа даромадимиз йўқ.
– Лекин рекламани мавзуга «едириб» юборишни ҳам биринчи бўлиб сизлар йўлга қўйдиларингиз. Ва ҳозир бошқалар ҳам шу йўлдан кетаётгани кузатдим.
– Тўғри, бундоқ олиб қараганда, телевизордагидек шартта томошанинг ўртасида реклама қўйиб юбормаяпмиз. Шу даражада рекламани мавзуга яқинлаштиряпмизки, ҳатто унинг рекламалиги ҳам билинмайди, томоша қилаётган одамни чалғитмайди ҳам.
– Деҳқон бўлса деҳқоннинг кийими, ўғрининг кийими алоҳида, ҳоким, ичувчи, дайди бомж, рус бувиси, рус қўшни, ҳаттоки ҳовлида кийиладиган резина шиппак — кийимларни қаердан топасизлар-а?
– Биз кийимларни Янгиободдан, эски нарсалар сотиладан бозорлардан топамиз. Янада табиий чиқиши учун... Ҳаттоки бир-икки чиқишларимиздан кейин бизни атрофимиздаги рус қўшниларимиз ҳам томоша қиладиган бўлишди...
– Айниқса рус бувиси ролингиз жуда табиий чиққан. Яъни шу ердаям Бобур Мансуров манфаат учун қўшниси рус бувисига қараётгани...
– Ҳа бу бўлган воқеа асосида ишланган, эски стол-стул, эскироқ уй ўша мавзуга мос муҳит яратишни ҳам ўйлаймиз, гарчи вақтимиз жуда қисқа бўлса-да...
– Мухлисларингиз орасида сизни алоҳида алқайдиганлари бор ва доимо шеригингиз Бобур Мансуровдан макарон калла деб танбеҳ эшитганингиздек баъзилар анави сариқ бола, макарон калла, вермишел калла ролини қойиллатади-да дейишади — бу ёрлиқлар сизни хафа қилмайдими?
– Агар мен салга хафа бўлиб қолсам ролим қандай қилиб табиий чиқиши мумкин. Кейин бу ёрлиқлар ўта самимий ва беғараз деб биламан.
– Биласизми, бир пайтлар миниатюралар театри бўларди, таниқли, севимли актёримиз Эргаш Каримов, Ҳусан Шариповлар ролларини қойилмақом ижро этган. Роллари орқали ҳаётимиздаги камчиликларни олиб чиқарди. Лекин негадир актёрлар юзларига беўхшов бурун қўйсаям, худди шундай иғвогар қўшни, молпараст аёл, юлғич боғча мудираси, ичувчи, текинхўрни кўрсатса ҳам одамлар уларни бачканаликда айбламасди...
– Ҳа, устозларимиз биздан кўра анча мукаммал асарлар яратишган. Биз ҳам мавзу топишга ҳаракат қиляпмиз, ҳар бир образнинг ўз характерини очишга уриняпмиз, аммо замон тезлашган, ҳар куни битта вайн олишимиз мумкин, балки шунинг учун баъзида танқид қилишар баъзида тан олишимиз керак бачканалик қиламиз, охирида қўполлик қилиб қўямиз. Аммо вайнларимиз орасида ижтимоий мавзулар ҳам бор, келгусида ишимизга жиддий киришиб ТВбоп мавзулар қилиш ниятимиз ҳам йўқ эмас...
Шу пайт Шаҳриёрнинг қизалоғи айиқчасини кўтариб келиб қолди. У қизини тиззасига олиб ухлатмоқчи бўлди. Мен яна савол бердим:
– Айиқчасини жуда яхши кўради, шекилли-а?
– Ҳа, опа, уйда ўйинчоғи кўп, буни қаранг, қанақа эскириб кетган, лекин шу ёнида айиқчаси бўлмаса ҳатто ухламайди...
– Сир бўлмаса, нега поездда кетяпсизлар?
– Машинада 5-6 соатлик йўл, аввало хавфсизлик юзасидан, кейин эса тез етиб борамиз.
Биз манзилга етиб келдик... Шаҳриёр кетаётганда менга телефон рақамини қолдирди, «опа қандай таклифлар, танқидлар ёки саволларингиз бўлса яна жавоб беришга тайёрман», деди. Мен ҳам келгусида ушбу жамоа билан жиддийроқ суҳбат қилишимни кўнглимга тугиб у билан хайрлашдим...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter