Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигига доир йиғилиш ўтказди

Президент мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигига доир йиғилиш ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

– Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ, – деди Президент сўзининг бошида. – Шу боис янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур.

Ижтимоий соҳалардаги барча саъй-ҳаракатлар ана шу мақсадларга қаратилган. Охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ 7 карра оширилган. Бу йил 60 триллион сўм ажратилган. Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўрин яратилди.

Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош олаяпти.

Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди. Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларини иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади.

Таълим дастурлари энг илғор мамлакатлар тажрибасига мослаштирилмоқда, дарсликлар янгиланаяпти, мактабларга замонавий жиҳозлар олиб берилаяпти. Энди муаллимлар янги методикаларни ўзлаштириб, болаларга яхши билим бериши керак. Бунинг учун педагогика йўналишидаги олий таълим сифатини ошириш зарур.

Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тўғри тарбиялаш, зарарли таъсирлардан асраш ҳам долзарб масалалардан.

Йиғилишда соҳадаги ҳар бир йўналиш атрофлича таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгиланди. Мактаб таълимини янги босқичга кўтарадиган ташаббуслар илгари сурилди.    

Аввало, педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига эътибор қаратилди. Бу борада Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ва унинг 13 та ҳудудий маркази қайта ташкил этилди. Низомий номидаги олийгоҳ Миллий педагогика университетига айлантирилиб, унинг ректори бир вақтнинг ўзида кадрлар тайёрлаш бўйича вазир ўринбосари бўлди. Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил қилинди.

Энди бу имкониятлар асосида барча педагогика олийгоҳлари фаолияти тубдан ўзгартирилади. Масалан, Термиз педагогика институти мисолида айтганда, ҳозирги факультетлар ўрнида аниқ, табиий, ижтимоий, филология, амалий фанлар, мактабгача ва бошланғич таълим бўйича 6 та олий мактаб ташкил қилинади.

Фанлар сони мақбуллаштирилиб, 20 тадан 15 тага, таълим йўналишлари 31 тадан 17 тага туширилади, ўқув юкламаси 20 фоизга қисқаради. Яқин ҳудуддаги мактаблар унинг амалиёт базасига айлантирилади.

Институтнинг хорижий тил сертификати бор 20 нафар ўқитувчиси шу йил Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби давлатларга малака оширишга юборилади. Келгуси уч йилда барча профессор-ўқитувчилар чет элда ўқитилади. “Топ-100” талик университетларда малака ошириш ва таълим хизматларини олиш тўғридан-тўғри шартнома асосида бўлади.

Ҳудудлардаги малака ошириш марказлари фаолияти ҳам кенгайтирилади. Улардаги профессор-ўқитувчилар АҚШ, Буюк Британия, Сингапур, Германиянинг илғор дастурлари асосида қайта тайёрланади.

Шу билан бирга, ўрта таълимдаги 17 та фаннинг ҳар бири бўйича алоҳида таянч мактаблари бўлади. Таянч мактаб ўқитувчиси Малака ошириш марказига келиб, ўз йўналишида халқаро дастурлар асосида чуқур тайёрланади, уларга тренер мақоми берилади. Кейин бу тренерлар ўзига бириктирилган ҳудудда 25 нафар етакчи ўқитувчини ўқитади. Етакчи ўқитувчилар эса ўз мактабидаги бошқа муаллимларни малакасини ошириб боради.

Бундан ташқари, университет, марказ ва мактаблардан муаллимлар хорижга малака оширишга юборилади.

Бугунги кунда хусусий олийгоҳларга кенг йўл очилган. Лекин уларда педагогика йўналишидаги талабаларнинг 70 фоизи мактабгача таълим, бошланғич таълим ва филология бўйича ўқияпти. Бирортасида кимё, биология ва физика бўйича муаллим тайёрланмайди. Ваҳоланки, мактабларимизда аниқ ва табиий фанлар бўйича ўқитувчи етишмайди.

Шу боис, бундан буён, хусусий олийгоҳлардаги педагогик йўналишлар давлат институтлари билан бир хил бўлади. Улардаги педагоглар ва талабалар билими ташқи диагностикадан ўтказилади. Бу орқали нодавлат олийгоҳларда педагог тайёрлаш сифати назоратга олинади.

Давлат раҳбари ёшларни нуфузли хорижий университетларда ўқитиш масаласига алоҳида тўхталди. Фарзандларимиз жуда иқтидорли экани, фақат уларни тўғри йўналтириб, мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда «Президент иқтидорли фарзандлари миллий дастури» бошланади, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилади. Унга 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, рейтинги юқори олийгоҳларга мақсадли тайёрланади.

Бундан ташқари, Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади. Бу маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини селекция қилиб, АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби «Печак лигаси» олийгоҳларига тайёрлайди.

Билимсеварликка пойдевор қўйишда мактабгача таълим жуда муҳим. Бугунги кунда юртимизда 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғчалар фаолият юритмоқда. Олти ёшли болаларнинг 96 фоизи мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган. Кейинги йили бу рақам 100 фоизга чиқади.

Энди илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурлари ўзаро уйғунлашади. Бунинг учун боғча болаларини математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, боғча тарбиячиларининг малакаси, маҳорати ва психологик тайёргарлигини ошириш учун касбий сертификатлаш тизими жорий этилади.

Йиғилишда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.

Шу мақсадда «Баркамол авлод» мактаблари, «Ёшлик» спорт жамияти ва Ўқувчи ёшлар маркази ягона тизимга бирлаштирилади. Улар таъмирланиб, замонавий йўналишларга мос жиҳозланади, хорижий тиллар, сунъий интеллект, дастурлаш ва анимация каби янги тўгараклар очилади.

Ўқувчилар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ҳам янги тизим бўлади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Бухоро ва пойтахтдаги «Баркамол авлод» марказларида камида 100 ўринли «Болалар сайёҳлик базаси» ташкил қилинади. Ҳар йили 1 миллион ўқувчи учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар уюштирилади.

Болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш – ҳаммани ўйлантираётган муаммо. Шу боис, Президент қарорига мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди. У маҳаллий ижодкорларга миллий контентлар яратиш бўйича буюртма беради, соҳада кадр тайёрлашни ташкил қилади.

Шунингдек, ёзги таътилда ёшларни оромгоҳлар ва фойдали машғулотларга жалб этиш, спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ва санъат кечалари ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг