Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент МДҲ ва минтақада ягона бўлган марказ фаолияти билан танишди

Президент МДҲ ва минтақада ягона бўлган марказ фаолияти билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Чирчиқ авиация таъмирлаш заводига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари корхонада амалга оширилган кенг кўламли модернизация натижалари ҳамда унинг янги юқори технологик бўлинмалари фаолияти билан танишди.

Завод негизида МДҲ ва минтақамизда ягона бўлган “Airbus” вертолётларига техник хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилган.

Марказ Франциянинг “Airbus” компанияси томонидан расмий сертификациядан ўтказилган бўлиб, ишлаб чиқариш юқори савияда ташкил этилгани, халқаро стандартлар ва ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган талабларга мувофиқлиги тасдиқланган. Бу ерда Ғарб авиатехникасининг замонавий моделлари, шу жумладан, H-125, H-215 ва H-130 русумли вертолётлар учун сервис ва таъмирлаш ишларининг тўлиқ занжири йўлга қўйилган.

Марказ Ўзбекистонни “Airbus” вертолётларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни эксплуатация қилиш бўйича муҳим минтақавий хабга айлантириш имконини беради.

Мамлакатимиз етакчиси марказ имкониятлари билан танишди ва мутахассислар билан мулоқот қилди.

Шу ернинг ўзида Президентимизга заводнинг Су-25 ҳарбий самолётларини капитал таъмирлаш ва чуқур модернизация қилиш бўйича янгиланган цехлари тақдимот қилинди. Илғор технологияларни жорий қилиш ҳисобига эндиликда корхонада техникани замонавий навигация тизимлари, тунги кўриш қурилмалари ва бортдаги ўзини ҳимоя қилиш комплекслари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташриф якунида мамлакатимиз мудофаа саноати салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг