Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент судлардан адолатни талаб қилди

Президент судлардан адолатни талаб қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда президент Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатларга муносабат билдирди.

Шунингдек, Ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслиги таъкидланди.

– Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби! – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Бироқ, жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.

Яна бир мисол, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Бу ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.

Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд – бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.

Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган «назорат тартибида ишларни кўриш» амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқади.

Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларимизда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги ҳақида гапирди. Мисол учун, аҳолиси энг кўп туманлардан бири бўлган Ургутда (500 минг киши, 102 та маҳалла) фуқаролик суди йўқлиги сабабли 80 километр йўл босиб, Тойлоқ туманлараро судига борилади.

Шу боис судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарур.

Охирги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1 минг 730 та қарори бекор қилинган.

Суд орқали ер муносабатлари билан боғлиқ мингта, уй-жой бузилишига доир 51 та, хусусийлаштиришга оид 62 та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва бу қонунда мустаҳкамланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

– Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур, – деди Президент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг