Президент темир йўл соҳаси ходимларини табриклади
Президент Ўзбекистон темир йўл транспорти соҳаси ходимларига табрик йўллади.
Сўнгги йилларда соҳада олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимиз улкан натижалар бермоқда. Бу ўзгаришларни 2 минг 400 километрдан кўпроқ янги темир йўл тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилгани, 3 минг километрдан ортиқ йўллар электрлаштирилиб, 1 минг 100 километрдан зиёди реабилитация қилингани мисолида яққол кўриш мумкин.
Бу ҳақда сўз юритганда, йирик инвестиция лойиҳалари асосида Самарқанд – Ургут, Байтқўрғон – Паркент, Урганч халқаро аэропорти – Хива темир йўл тармоқлари барпо этилгани, Навоий – Бухоро участкасининг иккинчи электрлаштирилган линияси ишга туширилгани, бир қатор истиқболли йўналишларда эса қурилиш ишлари жадал давом эттирилаётганини қайд этиш лозим.
Шу билан бирга, Мароқанд – Навоий, Бухоро – Урганч – Хива, Мискин – Нукус, Қумқўрғон – Қудуқли каби муҳим йўналишларни электрлаштириш, темир йўл станцияларининг ўтказувчанлик имкониятларини кенгайтириш орқали миллий логистика тизими самарадорлиги оширилмоқда.
Айниқса, мамлакатимизни жаҳон транспорт йўлаклари билан янада ишончли боғлайдиган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли барпо қилинаётгани, қўшни Афғонистон билан темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик изчил давом эттирилаётгани Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт ва транзит маркази сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
«Биз яқин йилларда юзлаб замонавий йўловчи вагонларини, юқори технологик поездларни харид қилиш, темир йўл инфратузилмасини янада кенгайтириш ва хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш бўйича янги ва улкан режаларни амалга оширамиз.
Биз сизлар каби минглаб заҳматкаш темирйўлчилар билан, сизларнинг касбий маҳоратингиз, бой билим ва тажрибангиз, ватанпарварлик фазилатларингиз билан бундай юксак марраларга албатта эришамиз», дея таъкидлади Президент.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter