Президентнинг солиқ соҳасига оид фармони қабул қилинди
Солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифати яхшиланади.
«Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–95-сон, 19.05.2026 й.) қабул қилинди.
Қуйидагилар ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:
- 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг «Business ready» рейтингида солиқ йўналиши бўйича биринчи даражага чиқиш;
- солиқ хизматлари сифатини яхшилаш ва солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш.
2026 йил 1 июлдан:
- текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
- солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар тўғрисида хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Бунда аниқланган камчиликлар 1 ой ичида бартараф этилган тақдирда, солиқ текширувлари ўтказилмайди;
-янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига уларнинг ихтиёрига кўра дастлабки 6 ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизмати «Soliq-servis» АЖ томонидан бепул амалга оширилади.
2026 йил 1 августдан солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади. Бунда солиқ тўловчилар томонидан:
- солиқ хизматларидан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги, шунингдек, солиқ органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини;
- солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланадиган вақт ҳамда солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлиги даражасини баҳолаш имконияти яратилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter