Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Python» дастурлаш тили бўйича ўқитиш якунланди

«Python» дастурлаш тили бўйича ўқитиш якунланди

Фото: «Xabar.uz»

11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги  умумтаълим мактабларининг информатика фани  ўқитувчиларини «Python» дастурлаш тили бўйича ўқитиш якунлари бўйича тадбир бўлиб ўтди.

Халқ таълими бош бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда Тошкент шаҳар мактабларининг 30 нафар ўқитувчиларига тегишли сертификат, бошқаларга нисбатан энг фаол ўқитувчига ноутбук мукофоти топширилди. Мукофот биргина Тошкент шаҳрида эмас, балки республика бўйича фаол ўқитувчиларга тақдим этилиши мақсад қилиб қўйилган.

«Мен мактабда 3 йилдан буён фаолият юритаман. Илгари бу каби лойиҳалаларда иштирок этмаганман. Очиғини айтадиган бўлсам, пандемия шароитида бу каби ўқув курсларга қатнашишга иккиландим. Бироқ кейин ўқув жараёни қизиқишларимни ортишига ва барча қийинчиликларни енгиб ўтишимга сабаб бўлди. Биз IT соҳасига дастлабки катта қадамни қўя олдик деб ҳисоблайман. Энди биз бу билимларимизни мактабда ўқувчиларимизга ўргатишимиз орқали соҳа билимдонларининг сон ва сифат жиҳатидан ортишига хизмат қилишимиз керак. Бу каби лойиҳалар фаол равишда тез-тез ўтказилишини истардим. Билмаган билимларимизни ўргансак, уларни етук мутахассислар билан бирга муҳокама қилсак, албатта, ҳар бир мактаб ўқувчиси, келажакда қайси соҳа мутахассиси бўлиб етишмасин, IT ҳақида керакли билимларга эга бўлиб улғаяди, деб ҳисоблайман. Бугун мени энг яхши, интилувчан ўқувчи сифатида эътироф этишганидан хурсандман. Мен учун бу кутилмаган совға бўлди», — дея таъкидлайди Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани 303-сонли ИДУМнинг Информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Нажмиддинова Мунира.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда «BePro  Education Center» нодавлат таълим муассасаси ўртасида имзоланган шартнома доирасида 2021 йилнинг 21 июнь – 27 август кунлари Вазирлик тизимидаги умумтаълим мактабларининг информатика фани ўқитувчиларини ахборот технологиялари ва дастурлаш соҳаси бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида «Python» дастурлаш тили бўйича ташкил этилган ўқув курслари муваффақиятли якунланди.

Ўқитиш шартнома ва тасдиқланган техник топшириқ асосида  қуйидаги тартибда амалга оширилди:

—республиканинг 14 та ҳудудларида иштирокчилар сонидан келиб  чиққан ҳолда 24 та ўқув гуруҳлари ташкил этилди ва уларнинг ҳар бирига алоҳида малакали тренерлар бириктирилди;

 —ўқув машғулотлари режаси ва жадвали ишлаб чиқилди;

—ўқув-услубий ҳужжатлар ва тарқатма материаллар (Python Basic ва Python Django бўйича китоблар) ишлаб чиқилди ва барча ўқув курси иштирокчиларига фойдаланиш учун тарқатилди;

 —халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларининг 615 нафар информатика фани ўқитувчилари орасидан тест синовлари орқали 430 нафари саралаб олинди;

—саралаб олинган ўқув курси иштирокчилари «Python (Basic)» йўналишида 160 соатлик ўқув дастури асосида ўқитилиб, дастур якунида алоҳида тест синовлари орқали уларнинг ўзлаштириш ҳолати  аниқланди ҳамда натижалар Халқ таълими вазирлигига тақдим этилди;

 —кейинги босқичда, иштирокчилар «Python (Django)» йўналиши бўйича 72 соатлик ўқув дастури асосида ўқитилди ҳамда дастур якуни бўйича жорий йилнинг 24 август куни навбатдаги тест синовларини топширди.

—ўқув курси иштирокчилари учун «Python» дастурлаш тили бўйича 4 соатлик маҳорат дарслари ташкил этилди;

—кунлик давоматни назорат қилиш ҳамда бириктирилган тренер-ўқитувчилар томонидан машғулотларнинг сифатли олиб борилишини кузатиб бориш ҳамда вазирликка кунлик маълумот тақдим этиб бориш тизими йўлга қўйилди;

Биринчи босқич якуни бўйича ўтказилган тест синовлари  натижасига кўра, иштирокчиларнинг дарсларни ўзлаштирганлик ҳолати република бўйича ўртача – 77,5 фоиз (яхши)ни ташкил этган бўлса, кейинги босқич якуни бўйича ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, ўзлаштириш даражаси република бўйича ўртача – 84,4 фоиз (яхши) баҳоланди.

«BePro Education Center»да Тошкент шаҳар бўйича ўқитувчиларга дарс бердим. Ўқиш жуда яхши ташкиллаштирилди. Биз бир жамоа бўлиб ҳаракат қилдик. Ўқитувчилар билан «Pyton» ва «Django»да ҳақиқий лойиҳалар билан ишладик. Ҳамма ўз мактаби веб-саҳифасини «Django fremworki» ёрдамида бажарди», — дейди 19 ёшли ТАТУ талабаси Шарофиддинов Шаҳзод.

Мамлакатимизда давом этиб турган коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ эпидимиологик вазият ҳамда ўқув курси иштирокчилари орасида ҳам COVID-19 вируси билан касалланганлар аниқланганлиги сабабли, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида қисман масофавий шаклда ўтилди. Сурхондарё вилоятида ўқитишнинг масофавий шаклига ўтилди.

Олиб борилган ўқув машғулотларида иштирокчилар қуйидаги билим ва кўникмаларга эга бўлдилар:

  • Python дастурини ўз компьютерига ўрнатиш;
  • Python дастурлаш тилининг асосий элементларини, буйруқлар бажариш кетма-кетлигини, ифодалар, сатрлар билан ишлаш;
  • операторлар, функциялар, модуллар, синтаксис, ўзгарувчилар билан ишлаш;
  • алгоритмик фикрлаш ва алгоритмларни ишлаб чиқиш;
  • дастур кодлари билан ишлаш;
  • арифметик амалларни бажариш;
  • график интерфейс билан ишлаш;
  • Python дастурлаш тилида содда ва мантиқий масалаларни тузиш;
  • назарий билимлар билан бирга, уларни амалиётда қўллаш кўникмаоари шакллантирилди.

Ушбу ўқув курси иштирокчилари (ўқитувчилар) келгусида ўз  фаолиятлари давомида Python дастурлаш тилининг Basic йўналиши бўйича мустақил таълимни самарали ташкил этиш орқали:

  • информатика ва ахборот технологиялари бўйича ўқитувчилар орасида пайдо бўлган бўшлиқ тўлдиради;
  • умумтаълим мактабларида информатика ва ахборот технологиялари соҳасидаги таълим сифати ошади;
  • фан олимпиадаларида дастурлаш бўйича ўқувчилар сони ошиши билан бирга, рақобат муҳити шаклланади.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг