Қандай овқатлансангиз — болаларингизда кўрасиз
Олимлар сўнгги юз йилда инсоннинг наслий хусусиятларини ўрганиш борасида анча жиддий қадамлар ташлашди. Хусусан, эпигенетика деган фан бор — ДНК кетма-кетликлари ўзгармасдан туриб юз берадиган ген экспрессияларини ўрганади.
Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар босиб олган Нидерландия аҳолисининг кунлик рациони 400 дан 800 килокалориягача бўлган. Оқибатда 20 мингга яқин одам ўлган, 4,5 млн киши тўйиб овқатланмасликдан азият чеккан. Аниқланишича, ўша очарчилик даврининг оқибатлари кейинги авлодларга ҳам ген даражасида таъсир ўтказган.
Ўсиш ва ривожланишга масъул IGF2 генида эпиген ўзгаришлар юз берган. Ўша очлик даврини кўрган ҳомиладор аёлларнинг фарзандлари, кейинчалик невараларида ҳам мушаклар яхши ривожланмаслиги қайд этилган. Кейинги авлодларда эса организмда ортиқча ёғ тўпланиши, юрак хасталиклари, диабет ва чақалоқларнинг туғилишдаги вазни пастлиги каби муаммолар илдизи ҳам уруш даврига бориб тақалади.
Юқоридаги тадқиқот натижалари кейинчалик ҳайвонларда ўтказилган тажрибаларда ҳам тасдиғини топди. Олимлар ҳомиладор каламушларни винклозолин деб номланувчи кенг қўлланилувчи фунгицид билан синаб кўришди. Оқибати — каламушларда насл қолдириш хусусияти кескин пасайиб кетди, хусусан, эркак каламушларда бепуштлик ҳолатлари сони кўпайди.
Тадқиқотларчилар ота-оналарнинг узоқ вақт давомидаги овқатланиш тарзи уларнинг болалари ва невараларига бевосита таъсир қилишини таъкидлашмоқда, яхши овқатланишни — табиий маҳсулотларни танлашни тавсия этишмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter