Қаршида давлатнинг 1.35 млрд сўмига байроқ ўрнатилмайдиган бўлди
Аввалроқ Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида баландлиги 62,5 метрга тенг байроқ ўрнатилиши, мазкур флагшток устунининг ўзига 1,35 миллиард сўм сарфланиши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Айни патда коронавирусдан даволанаётган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бу борада ўз фикрини билдирди.
«Ўзим даволанишда бўлганим сабабли, шифохонада ушбу хабарни ўқиб қолдим. Бу каби қурилиш ишларига ўзим ҳам қаршиман.
Ўзим ҳам ҳар куни аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида туман ва шаҳарларда бўламан. Яқинда Қарши шаҳридаги 136-сонли оилавий ётоқхонага бориб уйсиз фуқароларимизни мажбурликдан харобага айланган бинода қўним топгани мени қийнади. Мен билан ҳамроҳ бўлиб борган раҳбарларни ҳам озроқ бўлсада виждони қийналган бўлса керак. Айримлари ҳаёт синовларини енгиб ўта олмаган бўлса ҳам, уларнинг шириндан-шакар фарзандларида нима гуноҳ? Улар ҳам бахтли яшашга ҳақли.
Ушбу хароба ётоқхонани таъмирлаш учун 2.5-3 млрд. атрофидаги маблағни манбасини қаердан топишни билмай тургандим. Устун учун сарфланаётган 1.350 млрд. сўмни ушбу ётоқхона таъмирига йўналтирамиз. Қолган сўммани ҳам манбасини топиб, ушбу ётоқхонани катта тантана билан топширамиз. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига устун эмас, фуқароларимиз учун шинам хонадонлар туҳфа қиламиз.
Устун масаласига келсак, бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилади. Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди», дея қайд этди ҳоким.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter