Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўлга қурол олган болалар ёхуд глобал замоннинг глобал муаммолари

Қўлга қурол олган болалар ёхуд глобал замоннинг глобал муаммолари

Ҳаётимиз гуллари бўлмиш фарзандларимиз она сайёрамизнинг келажаги ҳисобланади. Бироқ, минг афсуски, глобаллашув жараёни кузатилаётган ХХI асрда ҳам жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида болалар на ўқиш, на ёзишни билади, тўйиб овқат емаслик оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмади.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда жаҳонда ўн миллионлаб болалар таълим олишдан маҳрум. Умумий ҳисобда 80 миллиондан ортиқ бола ўқиш ва ёзишни мутлақо билмайди.

Саводсизлик ўз навбатида болаларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатади. Чунки маълумот даражаси кишилар моддий фаровонлигининг муҳим кўрсаткичидир. Бугунги кунда жаҳонда ҳар саккиз нафар ўсмирдан биттаси ишсиз. Тасодиф туфайли иш топиш бахтига муяссар бўлганлар ҳам оғир шароитларда меҳнат қилишга мажбур.

1924 йил Женевада Миллатлар Лигасининг Бешинчи Ассамблеясида қабул қилинган «Болалар ҳуқуқи тўғрисидаги Декларация»да «болаларга жисмоний ва маънавий ривожланиши учун барча шароитлар яратиб берилиши», «оч қолган болага овқат берилиши», «бемор болага тиббий ёрдам кўрсатилиши», «айб қилган бола тўғри йўлга солиниши», «етим ва уйсиз болаларга оғир дамларда ёрдам кўрсатилиши ва бошпана берилиши», «бола меҳр кўриб вояга етиши ва эксплуатациянинг ҳар қандай кўринишларидан ҳимоя қилиниши» таъкидланади.

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда болалар телевизор ва компьютер қаршисига «михланиб», ота-оналари учун муаммо туғдираётган бўлса, Африкада болалар очлик, ОИТС, саводсизлик, айрим ҳолларда қуролли тўқнашувлар вақтида ўлим билан тўқнаш келмоқда. Африкада ўлим даражаси ривожланган давлатларга қараганда икки  баробар кўп.

Таъкидлаш керакки, катта ёшдагиларнинг болаларга бўлган муносабатидан жамиятнинг бугунги ҳолати ва даражасини билиш мумкин. БМТнинг Бола ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясида ҳам болаларни ҳимоя қилишнинг махсус механизмлари ишлаб чиқилган. Бироқ кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим давлатларда болаларнинг, шу жумладан, ногирон гўдакларнинг конституциявий ҳуқуқлари поймол қилинмоқда. Шу ўринда ўтган асрнинг 70-йилларида Кампучия (ҳозирги Камбожа)да Пол Пот ҳукмронлиги даврида болалар «эскилик сарқитларини элтувчи» сифатида кўрилган ота-оналарини бамбук дарахтининг шохлари билан калтаклашга мажбур этилганини қайд қилиш керак. Аргентинада ҳам бир вақтлар ҳукмрон режимга қарши чиққан оилаларнинг болалари ўғирланган. Шотландияда эса семиз болалар ота-оналаридан  куч ишлатиш орқали тортиб олинган.

Ғарб мамлакатларида ота-оналаридан куч билан тортиб олинаётган болалар сони ортиб бормоқда. Ота-онасидан ранжиган фарзанд ижтимоий хизмат бўлимига қўнғироқ қилса бўлгани, бир зумда у оиладан тортиб олинади ва болалар уйларига топширилади. Британия ва америкалик тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, боқиб олинган болалар ўз уйларига қараганда кўпроқ янги хонадонда зўравонлик қурбонига айланар экан. Савол туғилади: нима учун камбағал оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ўрнига арзимаган сабаблар билан уларнинг болалари тортиб олинмоқда? Жавоб йўқ. Болалар бўйича АҚШ Миллий комиссияси тарқатган маълумотларга қараганда, аксар ҳолатларда болалар арзимаган нарсалар учун ва зарурат бўлмаса ҳам оилаларидан тортиб олинар экан.

Европада туғилиш энг кам деб айтилаётган Германияда юз бераётган жиноятларнинг тенг ярми балоғатга етмаганлар томонидан содир этилади. Болаларнинг гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳлар сафига кириб қолаётгани ёки одам аъзоларини сотадиганлар қўлига тушиб қолаётгани ҳам аянчлидир. Бир қатор мамлакатларда балоғатга етмаган болалар жангарилар сафида қўлига қурол олиб жанг қилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бугунги кунда АҚШда болалар органларининг ҳар бир қисмига 200 минг доллар тўлашга тайёр турган 200 мингдан ортиқ бемор рўйхатга олинган. Италия Ички ишлар вазирлиги номаълум сабабларга кўра, йўқолган болалар хусусий клиникалар ходимлари қўлига тушиб қолган бўлиши эҳтимоли ҳақида маълум қилди.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, ҳар йили 11 миллионга яқин бола беш ёшга етмай ҳалок бўлмоқда. 10 миллионга яқини эса жисмоний ва руҳий бемор сифатида табиий ривожланишдан тўхтамоқда. Африканинг бир қатор мамлакатларида болалар тўйиб овқат емаяпти, «қора қитъа»да очликдан ўлаётган миллионлаб болалар ҳам глобал даврнинг глобал муаммосига айланган. Шарқий Африка мамлакатларида 12 миллион киши очликка гирифтор бўлгани, уларнинг бир миллиони болалар экани айтилади. Масалан, 1984 йилдан бери Нигерияда озиқ-овқат инқирози давом этмоқда. Бу мамлакатда одамлар, шу жумладан, болалар ҳам дарахт барглари ва майса-ўтлар еб кун кечиришга мажбур бўлмоқда. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, бугунги кунда Афғонистонда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 18 фоизи (тахминан 1 миллионга яқин) тўйиб овқат емайди. Халқаро ташкилот вакиллари бир кунда Афғонистон ҳудудларида ўрта ҳисобда 275 нафар бола вафот этаётганини таъкидлашади.

Вояга етмаган болаларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Марказий ва Ғарбий Африкадаги мамлакатларда истиқомат қилувчи ҳар ўн боладан биттаси қандайдир қуролли гуруҳнинг каллакесари экани айтилади. Замонавий «полк ўғиллари» Африкадаги бир қатор мамлакатларнинг «бедаво касали» сифатида кўрилади. Масалан, 2008 йилда Конго Демократик Республикасида ҳарбий бўлинмаларнинг тенг ярми болалардан ташкил этилгани айтилган эди. Угандада жангариларнинг 70 фоизини болалар ва ўсмирлар ташкил этади. Бу мамлакатда жангарилар томонидан ўғирланган болалар аскарга, қизлар эса «хотинлик»ка айлантирилади. Африка мамлакатларида жангарилар қишлоқларга ҳужум қилар экан, биринчи навбатда болаларни ўғирлаб, улардан ҳукуматга қарши урушда фойдаланади. Қочишга уринган болалар эса ўша ернинг ўзида отиб ташланади. Айрим ҳолларда, ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ота-оналарнинг ўзлари қўшқўллаб фарзандларини жангариларга топшириш ҳолатлари ҳам бор.

Болаларни аскарликка ёллашда Сомали биринчи ўринда туради. Чунки 1991 йилда ҳукумат аъзолари тарк этган бу мамлакатда болалар кўчада қолгани боис ҳеч нима билан шуғулланмайди. Болалар мактаб дарвозасига бир марта ҳам қадам қўймаган. Шу сабабли ўқиш ва дам олиш  нималигини тасаввур қилишмайди. Сомали ҳукумат кучларининг 20 фоизи болалар экани айтилади. Ҳукуматга қарши кураш олиб бораётган «Жамоат Аш-Шабааб» гуруҳи жангариларнинг 80 фоизи болалардир. Улар қўлда қурол билан уйқуга кетиб, қурол билан уйғонади. Сомалида бўлиб ўтадиган турли танловлар ғолибларига автомат ва гранаталар совға қилинади. Шри Ланкадаги «Тамил Илама-Озодлик йўлбарслари» ташкилоти сафларида ҳам болалар бор. Чадда болалар миллий армия сафларида хизмат қилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Улар кўп ҳолларда мина майдонларига юборилади. Қўрқув нималигини билмайдиган болаларнинг жангга кириши ХХI асрнинг даҳшатли фожиасидир. Халқаро ташкилотлар ҳукуматларга мурожаат қилиб, аскар болаларни жангариларнинг воситачиси деб эмас, балки жангариларнинг қурбони сифатида кўриш кераклигини айтиб келади.

«Боко Ҳарам» қуролли гуруҳ жангарилари Нигерия шимолидаги мактаб ётоқхонасига бостириб кириб, 300 га яқин қизни ўғирлаб кетди. Гуруҳ раҳбари баёнот бериб, гаровдаги қизлар ўзининг шахсий мулкига айлангани, хоҳласа сотиб, хоҳласа мажбуран турмушга беришини маълум қилди. Бу каби ҳодисанинг ХХI асрда юз бераётгани ишониш қийин, албатта. Бироқ аччиқ ҳақиқатан кўз юмиб бўлмайди.

Қуролли можароларнинг қурбонига айланаётган миллионлаб болалар учун ким жавоб беради? Ҳозирча жавоб топилганича йўқ. Болалар билан боғлиқ бу каби муаммолар нафақат бир оиланинг қайғуси, балки жамият, давлат ва бутун дунёнинг ташвишидир.

1949 йилнинг ноябрь ойида Халқаро Хотин-қизлар Демократик Федерацияси Конгрессининг қарорига биноан таъсис этилган «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» (ингл. «International Children’s Day») – 1950 йилдан бери  ҳар йили 1 июнда нишонланади. Бундан ташқари, болаларга бағишланган – Жаҳон Болалар куни (20 ноябрда), Африка Болаларини ҳимоя қилиш куни деб номланган тадбирлар ҳам бор. БМТ қарорига кўра, 2012 йилдан бери 11 октябрда Халқаро Қизлар куни нишонланмоқда. Болаларни ҳимоя қилиш  ибораси – болалар ва вояга етмаганларни муҳофаза қилиш ҳамда оила институтини мустаҳкамлашда амалга ошириладиган чора-тадбирларни англатади.

Истиқлол йилларида юртимизда болаларни ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда болаларни ҳар томонлама соғлом, бахтиёр ўсиб-улғайишлари учун барча имкониятлар яратилган. Ушбу шарт-шароитларнинг қонуний асослари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай таълим-тарбия олишлари, билим ва иқтидорларини намойиш қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Натижада бугунги ёш авлод ўзининг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини ишга солган ҳолда юксак марраларни қўлга киритмоқда.

Бола кулса олам кулади, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, дунёда болаларнинг беғубор кулгусидан гўзалроқ қувонч йўқ. Фарзандлар чеҳрасидаги табассум боис бутун олам наздимизда мунаввар кўринади.

Ер юзининг барча ҳудудларида ҳам болалар тақдирига эътибор талаб даражасида эмас. Уларнинг ҳуқуқлари ҳанузгача поймол этилмоқда, мурғак жисму жонлари азобда. Ўтган асрнинг биринчи ярми, аниқроғи, 1949 йили Хотин-қизларнинг Халқаро демократик федерацияси томонидан ташкил этилган сессияда ана шундай машаққатларнинг олдини олиш мақсадида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида эълон қилинди ва дунё жамоатчилигининг фикру зикрини болалар қисматига қаратиш сари дадил қадам қўйилди. 1950 йилга келиб эса 51 та давлатда 1 июнь – болаларни асраб-авайлаш, ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш башариятнинг асосий бурчларидан бири эканини эслатиб турувчи санага айланди.

ЮНИСЕФ маълумотига кўра, ҳозир кўплаб болалар жисмоний ва руҳий тазйиқ одатга айланган оилаларда истиқомат қилишади. Бундан ташқари, ҳар ўнинчи бола катталарнинг бешафқат ҳаракатлари қурбонига айланмоқда.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари кейинги ўн йилда дунёда содир этилаётган ҳарбий тўқнашувлар натижасида 2 миллиондан зиёд вояга етмаган болалар қурбон бўлгани, 10 миллиондан зиёд мурғаклар эса турли даражада тан жароҳати олганини таъкидламоқда.

Асрлар давомида юз берган қонли урушлар тарихини таҳлил этсак, кўз олдимизда бағоят даҳшатли манзара пайдо бўлади. Ўтган 5 минг йил мобайнида дунё халқлари 14 минг 500 та катта ва кичик урушга гувоҳ бўлибди. Бу урушлар камида 3 миллиард 600 миллион кишининг ёстиғини қуритганини тарихчилар бот-бот такрорламоқда. Энг ачинарлиси, ана шундай қирғинбаротларда энг кўп азият чекканлар инсоният келажаги ҳисобланмиш болалар ва аёллар бўлди. Одатда ҳимояга, ёрдамга ёки алоҳида ғамхўрликка муҳтож бу табақа вакиллари ҳаётини ташвишлардан ҳоли этиш, улар осмонини қора булутлардан тозалаш ҳар доим ҳам муқаддас бурч бўлиб келган. БМТнинг халқаро болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ана шу навқирон авлод турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларни турли офатлардан асраш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Жаҳон ҳамжамиятининг қашшоқлик ва очликни тугатиш, саводсизликка барҳам бериш, қочоқлар муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари биринчи галда болалар тўғрисидаги ғамхўрлик ифодаси, албатта. Зеро, юқорида тилга олинган иллатлар, аввало, жаҳон болаларининг ҳаётини издан чиқармоқда.

Афсуски, ХХ аср саҳнасида юз берган ҳар икки жаҳон уруши, она заминимизда бўлиб ўтган ва ҳозир ҳам давом этаётган кўп сонли урушлар ва ҳарбий тўқнашувлардан биринчи галда болалар жабр кўрмоқда. Охирги ярим аср мобайнида халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор конвенциялар қабул қилинганига қарамай, ҳимоясиз болалар ва аёлларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиш, уларни зўрлаш, қийнаш ва ўлдириш, аксарият ҳолларда ёш болаларни урушга ёллашдек оғир иллатларга ҳар қадамда дуч келинмоқда. Шу кунларда ҳам дунёнинг қатор ҳудудларида сайёрамиз ҳаётига хавф солаётган маҳаллий ва этник урушлар, миллий низолар давом этаётгани афсусланарли хатодир.

Таъкидлаш керакки, бошқа турдаги зўравонликлар ҳам болалар учун ёт эмас. Айрим давлатларда ёш авлод вакиллари учун мактаб эшиклари умуман ёпиқлиги, 1 миллиарддан ортиқ одамнинг саводсизлиги, аксариятини эса болалар ташкил этаётгани бунинг исботидир. Ҳатто айрим ривожланаётган мамлакатларда мактабга жалб этилган болаларнинг 60 фоизи турмуш қийинчиликлари туфайли ўқишдан кетишга мажбур. ҳар йили сайёрамиз бўйлаб 20 миллион гўдакнинг турли хасталиклардан нобуд бўлаётгани эса вазиятнинг нақадар аянчли эканини кўрсатиб турибди. Таҳлилчилар изоҳлашича, ҳар йили ер юзида 10 миллион қиз 18 ёшга тўлмай турмушга узатилаётган бўлса, 16 миллион нафар вояга етмаган ўсмир қиз она бўляпти.

Ҳар йили сайёрамизда 14 миллион гўдак очлик ва турли касалликлардан ўлаётган, ривожланаётган мамлакатларда эса мактабга жалб этилган болаларнинг 60 фоизи турмуш қийинчиликлари туфайли ўқиш имкониятидан маҳрум бўлаётган бир пайтда Ўзбекистонда миллиард-миллиард маблағ янги авлод вакилларининг камолотига сарфланмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг