Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Қоракўл мактабидаги воқеа фожиами ёки эҳтиётсизлик?

Қоракўл мактабидаги воқеа фожиами ёки эҳтиётсизлик?

фото: iStockPhoto.com

2025 йил 12 сентябрь. Қоракўл туманида жойлашган Огаҳий номли 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида таълим олаётган, асли жондорлик бўлган 8-синф ўқувчиси Д.М. учун бу кун охирги кун, охирги дарс соатлари бўлишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаган эди. Д.М. ақлли, зеҳнли, оғир-босиқ, билимга чанқоқ ўқувчи. У математика фанини катта қизиқиш билан ўрганишга интилиб, ҳар бир дарсни қолдирмасдан қатнашиб келган. Салкам беш йилдан бери мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Фурқат Жумақулов уни ўз фарзандидек кўрган ва уйидан бошпана берган. Мактаб қошидаги ўқув курсларида ҳам қўшимча таълим олишига шароит яратилган. Лекин... ҳамма нарса бир лаҳзада ўзгарди. Шу куни мактабдаги дарслар якунлангач, 5 нафар ўқувчи мактаб ҳовлисидаги ўқув марказига югуриб киришган, улар орасида Д.М. ҳам бўлган...

– Биз ўқув маркази бошлиғи Алибек Жўрақулов билан тушликни қилгач, марказ хоналаридан бирида тест саволларини тайёрлаётган эдик, – дейди Фурқат Жумақулов. – Қўшимча курс соатлари 14:30 да бошланади. Чамаси, тахминан, соат 14:20лар атрофи эди. Бир ўқувчимиз хонага шошилинч кириб келди ва ҳаяжон билан: Д.М. синфхонада йиқилиб, ҳушидан кетди! – деди. Бу хабар бизни эсанкираб қўйди. Шундай бўлса-да, ўзимизни қўлга олиб, хонамиздан қандай отилиб чиққанимизни билмаймиз, болаларнинг синф хонага югургилаб киришганига ҳали бир дақиқа ҳам бўлмаганди. Д.М.нинг юзига сув сепдик, ҳушига келмади. Бу орада «Тез ёрдам»га ҳам қўнғироқ қилганмиз. «Тез ёрдам»ни 10 дақиқаларча кутдик, бола оғир аҳволда бўлгани учун ортиқ кутиб туролмадик. Ўзимнинг шахсий автомашинамда Қоракўл туман марказий шифохонасига олиб келдик. Шифокорлар шошилинч ҳаракатга тушиб кетишди. Бироқ, шифокорларнинг айтишича, бола йўлдаёқ вафот этган бўлган... Ўғлимдек бўлиб қолганди...

Яна бир суҳбатдошнинг сўзига кўра, болалар синфхонага югуриб киришган. Бола синфхонада югураётган пайтда оёғи тойиб кетиб, орқа томони билан ерга йиқилган. Линолеум тагида бетон бўлгани сабабли, боши қаттиқ шикастланган. Аммо, бу расмий хулоса эмас. Бу – фақат бир томоннинг қараши.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали директори ўринбосари Азизбек Бобожоновнинг «Xabar.uz» мухбирига билдиришича, ҳолат юзасидан соат 14:32 да чақирув бўлган. 1,5 дақиқа гаплашилган. 14:35 да йўлга чиқилган.

– Туман марказий йўли, яъни асосий йўл таъмирлаш ишлари кечаётгани боис, ёпиқ эди, – дейди Азизбек Бобожонов. – «Тез ёрдам» манзилга ички кўчалар орқали айланиб киришга мажбур бўлган. Ваҳоланки, чақирув келган манзил ва туманга қарашли «Тез ёрдам» маскани ораси унча узоқ масофа бўлмаган. 15 дақиқада ички ва тор йўллар оралаб манзилга етиб борган. Агар йўллар берк бўлмаганда эди, «Тез ёрдам» машинаси олдинроқ манзилга етиб бориши мумкин эди. Бу орада боланинг устозининг ўзи шахсий машинасида тиббиёт марказига олиб келганини айтган.
Қоракўл туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи эса Д.М.нинг шифохонага тахминан соат 14:35-14:40 ларда келтирилгани, унинг биологик ўлим ҳолатида бўлганини таъкидлайди.

– Болани келтиришганда, юрак уриши, марказий томирларида пульсация йўқ эди, – дейди бирлашма бошлиғи. – Нафас ҳам олмасди. Оғзидан кўпик келаётган ҳолда келтирилди. Реанимацион чора-тадбирлар қўлланди. Афсуски, болада биологик ўлим ҳолати содир бўлган.
Воқеа содир бўлган пайтда синфхонада беш нафар ўқувчи – Ш.А., Ў.Ш., Б.А., А.У. ва О.Ғ. бўлган. Директор ўринбосари ўша заҳотиёқ, ўқувчилардан «жанжаллашмадингларми, ораларингда гапларинг қочмаганмиди?» – деб сўраган. Болалар синфхонага югуриб киришгани, Д.М. эса югураётган пайтда оёғи тойиб, орқа томони билан йиқилиб тушибоқ, ҳушидан кетганини ва улар қўрқиб кетиб, ёрдам сўраб югуриб чиқишганини билдиришган.
Мактаб синфхонасида видеокузатув камераси бўлмаган. Билдирилишича, камералар фақат ётоқхоналарда бор. Синфхоналарни камералаштириш масаласи режалаштирилган бўлса-да, аммо, амалга ошмаган. Ҳолат юзасидан ўтказилган журналистик суриштирув давомида томонлар турли хулосаларга таянишаётгани кўзга ташланди. Видеокузатув камераси бўлганида, ҳақиқатга етишиш осонроқ кечарди.

Синфдошлари: «Д.М. югуриб, оёғи тойиб кетди...»

Мактаб директори: «Қулоғидаги ўсимта мияга қон уришга сабаб бўлган бўлиши мумкин... Ҳолат мактабдаги дарс соатларида эмас, ўқув маркази дарслари вақтида содир бўлган. Улар – жавобгар...»

Директор ўринбосари: «У ўғлимдек бўлиб қолган эди... аммо, бу бир бахтсиз ҳодиса...»

Ички ишлари органлари масъули: «Унда тутқаноқ касаллиги бор экан. У синфида эҳтиётсизлик туфайли йиқилган ва томирнинг ёрилиши оқибатида ҳолат юз берган...»

Ота шок ҳолатда Россиядан етиб келган: ҳақиқатни талаб қилмоқда.

Она эса: «Болам соғлом ва ҳеч қандай тутқаноқ касаллиги йўқ», – дея фиғони фалакда.
– Менга бу шум хабарни соат 15:06 лардан кейин айтишяпти, – дейди Д.М.нинг онаси Гулбаҳор Эсонова. – Буни қандай тушуниш мумкин?! Болагинам йиқилиб, ҳушидан кетганда, Россияга ишлашга кетган турмуш ўртоғим Мунир Ҳайдаровга овозли хабар жўнатишган. Аммо, менга билдиришмаган. Боламда ҳеч қандай тутқаноқ касаллиги йўқ эди. Тўғри, бундан уч йил илгари, 2022 йилда қулоғида суяк емирилиши кузатилгани сабаб уни Бухородаги хусусий касалхоналардан бирида операция қилдирганмиз. Болам соғлом ва бақувват эди. Мен унинг туғилганидан то ҳозирги кунга қадар бўлган Тиббиёт дафтарчасини тақдим этишим мумкин.
У ҳеч қандай тиббий хасталиги йўқ бўлган ўғлининг тўсатдан йиқилиб, ҳушидан кетиши ва вафот этишини тасодифий, деб қабул қилолмаяпти.

– Мен тергов ишларига шубҳа билан қарамайман, – дейди жабрдийда она. – Аммо, нега менга дарҳол хабар беришмаган? Нега ота-онанинг розилигисиз фарзандимни моргга топширишган? Болам билан болалар тортишган, жанжаллашгандир, балки?! Балки, бирови итариб юборгандир... Ахир, болам соппа-соғ эди... Бу ишнинг тубига етилиши керак!
Журналистик суриштирув давомида биз билан суҳбатда бўлган мактаб маъмуриятининг бир нечта вакиллари томонидан боланинг соғлиги билан боғлиқ ички ҳолатлар муаммога сабаб бўлиши мумкинлигини тилга олишди.

Қоракўл Тиббиёт маркази бошлиғи эса Д.М.нинг саломатлигига оид туғилган ҳозиргача бўлган маълумотларни ўзида жамлаган «Тиббиёт дафтарчаси»да боланинг соғлигига оид муаммо йўқлигини кузатганини билдирмоқда.
Шубҳа ва гумонлар асл ҳақиқатни очишда аниқлик касб эта олмайди. Бухоро вилояти прокуратураси ахборот хизмати масъули Дилшод Сафаровнинг таъкидлашича, ҳолат юзасидан ҳозирда Қоракўл туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Вояга етмаган болаларни эса сўроқ қилишда психолог иштирокида бўлиш кераклиги сабабли, ҳозирча тўлиқ суриштирув якунланмаган.
                                                                      ***
Қисқа умр, узун армон. Бир бола вафот этди. Мусибат ҳаммани эсанкиратиб қўйди.
Лекин, жамиятнинг бу воқеадан олиши лозим бўлган сабоқ олдинда. Бир мактаб, бир туман оғриқли саволлар олдида турибди. Жавоб эса ҳануз ноаниқ.
Бу фожиа назоратсизликнинг оғир оқибатими? Бу фожиа оддий бир йиқилиш туфайли содир бўлдими? Ёки тагида бошқа, аниқланмаган сабаблар борми? Агар синфда устоз бўлганида, вазиятнинг олдини олиш мумкин эмасмиди? Бу ҳам жавоб талаб қилувчи саволлардан. Зеро, ҳар бир бола ўқув муассасасида ўзини хавфсиз ҳис қилиши шарт! Балки хонада кузатув камераси бўлганида гумонларга чек қўйилармиди?

Д.М. сингари болаларнинг ҳаётида рўй берадиган ҳар қандай нохуш ҳодиса, фақат ота-онани эмас, балки, бутун жамиятни сергаклантириши лозим.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг