Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ўз фаолиятини бошлади

Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ўз фаолиятини бошлади

Фото: ССВ

Бугун Нукус шаҳрида 120 ўринга мўлжалланган замонавий Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрулла Иноятов, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов, Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори, сенатор Орал Атаниязова ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М. Камалов ушбу замонавий клиниканинг халқимиз саломатлигини сақлашдаги аҳамияти тўғрисида тўхталиб, тадбир иштирокчиларини унинг очилиши билан самимий қутлади.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. Иноятов ҳам сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган катта эътибор ҳақида айтиб ўтди.

Шундан сўнг, мутасаддилар ва кенг жамоатчилик вакиллари клиникада яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Таъкидлаш лозимки, ушбу марказда Оролбўйи ҳудудидаги туғма касалликлари бор бемор болалар даволаниб, унга мувофиқ, Россия, Корея Республикаси, Австрия каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, энг ноёб жарроҳлик операцияларини амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, бу ерда тиббиёт соҳасидаги талабаларни ўқитиш ва амалиёт ишларини ташкиллаштириш, шу орқали малакали кадрларни тайёрлаш кўзда тутилган.

Клиника – бу тиббий-диагностика, таълим, илмий-инновацион ва хўжалик корпусларидан иборат бир бутун комплекс ҳисобланади. Унинг таркибида поликлиника, қабул бўлими, операция блоки, анестезиология ва реаниматология, болалар гепатологияси ва гематологияси, бош ва бўйин хирургияси, минимал инвазив хирургия, травмотологик ортопедия, репродуктив патология, радиология бўлимлари, шунингдек, илмий бўлим, телемедицина бўлим, симуляция маркази ва бошқа бир қатор қўшимча бўлимлар фаолият кўрсатади.

Ҳозирги кунда мазкур марказ Япониянинг “JICA” ташкилоти гранти ва бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий асбоб-ускуналар (МРТ, компьютер томографияси, ангиограф, мини-инвазив жарроҳлик ускуналари), телемедицина ва электрон поликлиника ускуналари билан жиҳозланмоқда. Клиникада 69 нафар шифокор, 134 нафар ҳамшира, 91 нафар кичик тиббиёт ходимлари ҳамда 79 нафар техник ходимлар фаолият юритиши кўзда тутилган.

Умумий 1,1 гектар майдонни қамраб олган мазкур муассаса биноси замонавий технологияга асосланган янги турдаги қурилиш конструкцияси асосида барпо этилган. Бинода электр тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланилиб, бино ичида ҳаво қишда илиқ, ёзда салқин туришини таъминлайди. Шунингдек, бино видеокузатув тизимига эга ҳамда ёнғин хавфсизлик ускуналари билан жиҳозланган, деб ёзади Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг