Қўрқинч, нафрат, ғалаён... Спин докторлар кимни ёки нимани даволайди? (видео)
Бугун биз тезкор ахборотлар оламида яшаяпмиз. Одамлар ҳар куни бирор янгилик билиш учун турли сайтлар, телевидение, радио ёки матбуотга мурожаат қилишади. Инсонларнинг берилаётган маълумотлардан қанчалик таъсирланиши эса журналист маҳоратига ва воқеа-ҳодисанинг етказилиш услубига боғлиқ. Буни қарангки, тараққиёт ҳатто шу йўналишда ҳам даволовчи докторларга зарурат туғилаётганини кўрсатмоқда. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали бугун биз ҳали учун мутлақо янги тушунча бўлиб турган мавзуда психолог-психотерапевт Зебинисо Аҳмедова билан видео мулоқот уюштирди.
Замон талабидан келиб чиқиб ҳар куни янги касб ва мутахассисликлар пайдо бўляпти. Улардан бири SPIN DOKTORликдир. Бу йўналиш политехнология ва PR технологиялар асосида яратилди ва у Ғарб мамлакатларидаги олий ўқув даргоҳларида жуда кам ўқувчиларгагина ўргатилади.
Барчамиз биламизки, доктор атамаси даволаш деган маънони беради. Хўш, унда Спин доктор кимларни ёки нимани даволайди?
Спин доктор воқеани ва унинг ёритилишида юзага келган хавфли вазиятни даволашга доир билимга эга мутахассисдир. Хорижда спин докторларнинг аксарияти психологлар, журналистлар, ҳарбийлар орасидан саралаб олинади. Аммо бугун биз бу билимлар асосини журналистлар, телебошловчилар, ахборот етказувчилар, блоггерлар, давлат ва хусусий сайт раҳбарлари билиши керак бўлган замонда яшаяпмиз.
Кўп ҳолларда спин докторлар (spin doctor) медиа ахборотдаги хатолар сабаб келиб чиққан хавфни тўғрилаш устида ишлайдилар. «Spin» сўзи «айланиш, буралиш» деган маънони англатади. Ахборотнинг хавфли талофати одамларда ғулғула, хавотир, қўрқинч, тушуниб бўлмас вазиятни уйғотганда спин доктор аҳолига маълумотни яхшиликка буриб, айлантириб бошқа фокусда тақдим этади. Ахборот менежменти деб аталадиган бу соҳа билимларидан таъсир доираси катта ва кенг бўлган медиа магнатлар яхши фойдалана биладилар.
Медиа аудит қилиб маълумотлар оқими аудиторияни қанчалик бошқара олганлигини таҳлил қилиш ҳам спин докторларнинг иши.
«Озодалик тозаланаётган жойда эмас, ифлос қилмайдиганлар яшайдиган ерда бўлади!» дейишади спин докторлар. Бу шиор «СИНИҚ ОЙНАЛАР ЭФФЕКТИ» номли психологик эксперимент билан боғлиқ. У америкалик олимлар Жеймс Уилсон ва Жорж Келлинг томонидан 1982 йилда кашф қилинган. Улар муқаддас китобдаги «Ёмон жамият эзгу ғояларни бузади» деган фикрга асосланиб эксперимент бошлаганлар. Бунда қаерда ахлат уюми бўлса, ўша ерга одамларнинг 95 фоизи ахлат ташлаши аниқланган. Қаерда озодалик бўлса, ўша ердагиларнинг 95 фоизи озодаликка риоя этиши ҳам ўрганилган.
Бу эксперимент фақат озодаликка боғлиқ эмас, дейди спин докторлар, улар қаерда қўрқинч, нафрат, ғалаён, норозилик кайфиятини қўзғовчи медиа маълумотлар ёйилса, ўша тўлқин 95 фоиз ҳолларда бошқаларга ҳам тарқалади деган қонуният борлигини айтишади. Сизнинг медиа ахборот тизимингиз қайси йўналишда ишлаётганини медиа аудит қилиш учун спин докторлар бир йил давомида бериб борган маълумотларингиз ичидан танланмасдан 1 – 10 фоизининг хулосаси қандай ҳиссиёт уйғотишини аниқлашади. Агар бу омманинг қўзғалишига, ғазабнок ҳолатга келишига олиб келувчи ахборот бўлса, демак, хавф даражаси юқори дейилади.
Психологлар омма психологиясини ҳисобга олиб, битта нохуш хабардан сўнг иккита яшашга куч бағишловчи ахборот беришни қатъий қонун сифатида таклиф этишади. Қандай маълумот берилишига қараб нафрат, ғазаб, жаҳл туйғуси пайдо қилса, худди шундай ҳолатда юрган одамлар аудитория сифатида бу медиадан фойдаланар экан. Агар тинчлантирувчи, ривожланишга ҳисса қўшувчи, жаҳлдан тушишни таклиф қилувчи маълумотлар тақдим этилса ва нохуш маълумотлар танқидий фикр ва таклифлар билан бирга келса, бундай медиа ўзига кучли, ривожланувчи аудиторияни йиғишга муваффақ бўларкан.
Уотте медиа командани қуйидаги бешта «спин» билан белгилайди:
- До-спин (спингача) — воқеадан олдин тайёрланиш,
- После-спин (спиндан кейинги) — воқеага керакли тус бериш,
- Торнадо-спин — фокусни буриш, айлантириш, яхшилик билан тугаллаш учун бошқарувни қўлга олиш,
- Кризис назорати — назоратдан чиққан медиа маълумотнинг тизимли, режали олиб борилиши,
- Хавфни камайтириш — янгиликлар менеджменти уни режали, тизимли, давомли албатта ривожланишга ундайдиган хабарларга айлантиради.
Д.Уотте бир хақ гапни айтган: «Ҳаётни ўзгартиришга қурби етадиган лидерлар кам нарсага қизиқишади, масс-медиа эса кўпчиликнинг қизиқишини бошқара олиши лозим. Спин докторлар катта воқеаларни ҳар бир инсоннинг қизиқишларига мослай олади.
Медиа тизим қандай базали ҳис тарқатаётгани ўша соҳанинг бошқарув тизими ва истиқболи учун жонкуяр кимсаларгагина қизиқ деб ўйлайман».
... Психолог-психотерапевт Зебинисо Аҳмедованинг ушбу мавзудаги қизиқарли фикрлари билан юқоридаги видеода тўлиқ танишишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter