Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қўшнидан-да яқин». Қозоғистон ва Ўзбекистон вазирлари қандай келишувга эришди?

«Қўшнидан-да яқин». Қозоғистон ва Ўзбекистон вазирлари қандай келишувга эришди?

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қозоғистон томони таклифига кўра ушбу мамлакат пойтахти Остона шаҳрига ташриф буюрди. У Қозоғистон бош вазири ўринбосари  – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан сиёсий, иқтисодий, сув-энергетика, транзит-транспорт ва маданий-гуманитар масалаларни муҳокама қилди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари учлигидан ўрин олган. Кейинги йилларда ўзаро савдо айланмаси 4 миллиард доллардан ошди. Икки давлат ташқи ишлар вазирлари буни 10 миллиард долларга етказиш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имкониятини кўриб чиқди.

Маънавий қадриятларни қайта тиклаш мақсадида умумий маданий меросни биргаликда тадқиқ этиш таклифи илгари сурилди.

«Ўзбекистон Қозоғистон учун алоҳида ўринга эга, ишончли иттифоқчи ва муҳим стратегик ҳамкор саналади. Биз мамлакатингиз кўплаб соҳаларда эришаётган янги ютуқларни самимий олқишлаймиз», – деди  Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Бизнинг кун тартибимиз бой ва кенг қамровли бўлиб, қардошлик алоқаларининг барча соҳаларини қамраб олди. Биз қўшнилардан-да яқинроқмиз, умумий жиҳатларимиз, тарихимиз ва келажагимиз муштарак», – деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов.

Дипломатлар Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли қардошлик ва биродарлик муносабатлари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Ўзбекистон ТИВни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам қабул қилди.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон ташқи ишлар вазири М.Нуртлеунинг ўтган йил август ойида Тошкентга ташрифи якунида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024–2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган эди.

Қозоғистонлик юқори мартабали меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев ҳам қабул қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг