Қозоғистон Оролни қутқариш борасида қандай чораларни амалга оширмоқчи?
Қозоғистон Республикаси 2024-2026 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади. Жамғарма Ижроия қўмитаси раиси Асхат Оразбай ушбу муддат ичида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
«Аҳоли сони ошиб бораётган, давлатлар иқтисодиёти жадал ўсаётган, жон бошига сув истеъмоли ортаётган замонавий шароитда табиатга, атроф-муҳитга юкламалар кўпаймоқда. Антропоген таъсирининг бу тариқа кучайиши глобал иқлим ўзгариши жараёнларини ҳам тезлаштиради. Айниқса, Марказий Осиёда бу жараёнлар сайёрамиздаги ўртача кўрсаткичдан-да жадалроқ кечади. Хусусан, Орол денгизи ҳавзасидаги экологик инқироз сув манбаларининг ифлосланиши ва тақчиллашуви, ер деградацияси, катта ҳудудларнинг бўшаб қолиши, ўрмонлар, эколандшафт ва биологик хилма-хилликнинг йўқолишига олиб келмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган улкан ҳудудида янги саҳро – 54 минг квадрат километрдан зиёд Оролқум вужудга келди», – дейди Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси раиси.
Қайд этилишича, юзага келган вазият бу борада ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Шунга кўра, Қозоғистон раислик даврида сув манбаларидан фойдаланиш ва уларни асраш, экологик муаммоларни ҳал этиш, яшил иқтисодиёт усулларини жорий этиш борасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришни режалаштирган. Хусусан, жамғарма бошқаруви томонидан маъқулланган икки дастур (Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига кўмак кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастури ва Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти учун атроф-муҳитни муҳофаза этиш минтақавий дастури) амалга татбиқ этилади.
Қозоғистон Жаҳон банки кўмагида қуриб бораётган денгизнинг мўъжаз қисми – Кичик Орол ёки Шимолий Оролни тиклаш учун чора-тадбирлар амалга оширди. Минтақада саксовул ўтқазиш тадбири давом эттирилмоқда. Айни чоқда, Сирдарё суви ва унга мувофиқ равишда Шимолий Орол суви камайишдан тўхтагани йўқ.
«Балиқчилик қисқарди ва бу маҳаллий аҳоли бандлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чўлланиш ва сув сифатини ёмонлашуви сабаб аҳоли орасида касалликлар яна ортмоқда. Хўш, фожиа қайта такрорланмайдими? Маҳаллий аҳолининг кайфияти, режалари қандай? Саволлар бисёр ва уларнинг бари бир-бирига чамбарчас боғлиқ», – дейди Асхат Оразбай.
Жамғарма вакили барча муаммоларни изчил равишда ўрганиш асосида ечимлар ишлаб чиқишни тавсия этган.
Масалан, Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига кўмак кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастурида 12 та лойиҳавий таклиф илгари сурилган. Жумладан, сув ва қишлоқ хўжалиги, энергетика соҳаларини иқлим ўзгаришларига ҳамоҳанг ҳолда ислоҳ қилиш кўзда тутилмоқда.
Бу борада Марказий Осиёнинг биологик ресурсларини асраб-авайлаш, минтақада экологик инновацияларни жорий этишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга татбиқ этилади.
Жамғарма Ижроия қўмитаси раисига кўра, Қозоғистоннинг раислиги даврида минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика манбаларидан самарали фойдаланиш механизмини яратиш, Орол денгизи ҳавзасида сув манбаларини бошқариш, тақсимлаш ва мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган ягона тизимини жорий этишга ҳам эътибор қаратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter