Қозоғистон Ўзбекистонга норозилик нотасини юбормайди

Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги ўзбек ҳамкасбларига Ўзбекистон томонидан трансчегаравий сувларда қурилган гидротехник иншоотлар ҳақида тўлиқ маълумот беришни сўраб расмий хат юбориши ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.
ҚР ТИВ расмий вакили Айбек Смадияровнинг маълум қилишича, Қозоғистон Туркистон вилояти яқинида сув тошқинига йўл қўйгани туфайли Ўзбекистонга норозилик нотаси юбормайди.
«Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ва натижада Туркистон вилоятидаги бир қатор аҳоли пунктларини сув босиши билан боғлиқ вазият ҳукуматинг алоҳида назорати остида. Маълумки, шу йил 2 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтганди. Суҳбат чоғида томонлар мавжуд вазиятни жиддий муҳокама қилишиб, икки мамлакат ҳукуматларининг ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши тўғрисида келишиб олдилар», деди Айбек Смадияров.
Унинг сўзларига кўра, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича яқин ҳамкорлик қилинаётгани туфайли Ўзбекистонга нота юбориш масаласи кун тартибига қўйилмаган.
«Туркистон вилояти ҳокими Ўзбекистоннинг қўшни вилоятларига борди ва ўзбек томони билан музокаралар ўтказди. Унинг натижалари бугунги ҳукумат йиғилишида хабар қилинди. Маълумки, ушбу масалада Ҳукумат комиссияси тузилган ва унга бош вазир ўринбосари Роман Скляр бошчилик қилмоқда. Эртага у ҳамкорликдаги ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун Туркистон вилояти ва Ўзбекистонга боради», – дея қўшимча қилди спикер.
Айбек Смадияров, шунингдек, томонлар ўртасидаги барча алоқалар мавжуд нормаларига тўла мос равишда амалга оширилаётганига ишонч билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter