Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«QURAMAX»нинг лицензияси бекор қилинди

«QURAMAX»нинг лицензияси бекор қилинди

Бугун, 13 январ куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг «QURAMAX MEDIKAL» МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-рўйхат рақамли лицензияни бекор қилиш ва қўллаш учун яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб, йўқ қилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 январдаги ҳал қилув қарори билан «QURAMAX MEDIKAL» МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-сонли лицензия бекор қилиниши ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди.

Мазкур иқтисодий иш бўйича тарафлар эълон қилинган ҳал қилув қарори устидан  қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда шикоят қилиш мумкин.

Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ушбу ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Шунингдек, мазкур иқтисодий ишга доир ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан қонун талаблари бузилганлиги бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида хусусий ажрим чиқарилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилиши белгиланди. Ушбу ажрим устидан белгиланган тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин, дейилади Олий суд хабарида.

Эслатиб ўтамиз, «Quramax Medikal» МЧЖ томонидан мамлакатимизга импорт қилинган «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани, жиноят иши доирасида «Quramax Medikal» МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходими ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Шунингдек, аввалроқ Ҳиндистонда «Док-1 Макс» ишлаб чиқарувчи компаниянинг лицензияси тўхтатилганди.

Мамлакатмизда ушбу препаратдан вафот этган болалар сони 20 нафарни ташкил этади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг