Қурилиш корхоналарининг солиқ қарзи 2,5 трлн сўмдан ошди
2026 йил 1 июн ҳолатига кўра, Ўзбекистонда солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган қурилиш корхоналари сони 1 964 тани ташкил этди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, уларнинг жами солиқ қарзи 2 триллион 564,8 миллиард сўмга етган.
Шундан 618,6 миллиард сўм ёки умумий қарзнинг 24,1 фоизи солиқ қарзи энг юқори бўлган 10 та қурилиш корхонаси ҳиссасига тўғри келади. Бу соҳадаги қарздорликнинг катта қисми оз сонли йирик корхоналарда тўпланганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори қарздорлик Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, қурилиш корхоналарининг жами солиқ қарзи 817,4 миллиард сўмни ташкил қилган. Кейинги ўринларда Андижон вилояти — 329,1 миллиард сўм ва Тошкент вилояти — 304,5 миллиард сўм билан қайд этилган.
Қарздор корхоналар
Маълумотларга кўра, энг катта солиқ қарзига эга қурилиш корхонаси Тошкент шаҳридаги «Aziya Invest Favorit» МЧЖ ҳисобланади. Корхонанинг қарзи 140,2 миллиард сўмга етган.
Иккинчи ўринда «Tash Constructions House» МЧЖ — 102,4 миллиард сўм, учинчи ўринда эса «Oqbuloq Obod Guzari» МЧЖ — 92 миллиард сўм солиқ қарзи билан қайд этилган.
Шунингдек, рейтингдан «Tamirlash Qurilish Servis» МЧЖ (76,7 миллиард сўм), «Agro Asia Trade Servis» МЧЖ (39,8 миллиард сўм), «Grand Road Tashkent» МЧЖ ҚК (38,2 миллиард сўм), «Usta Obid Brend» МЧЖ (37,9 миллиард сўм), «Oltin Baliq» МЧЖ (33,2 миллиард сўм), «National Road Invest» МЧЖ (29,4 миллиард сўм) ва «DSK Binokor» МЧЖ (28,8 миллиард сўм) ўрин олган.
Ҳудудлар кесимида
Ҳудудлар бўйича таҳлиллар қурилиш соҳасидаги қарздорлик айрим ҳудудларда юқори даражада тўпланганини кўрсатмоқда. Бухоро вилоятида мазкур кўрсаткич 188,1 миллиард сўм, Қашқадарё вилоятида 161 миллиард сўм ва Фарғона вилоятида 106,5 миллиард сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, Жиззах вилоятида 96,2 миллиард сўм, Самарқанд вилоятида 91,8 миллиард сўм, Сурхондарё вилоятида 78 миллиард сўм, Наманган вилоятида 70 миллиард сўм солиқ қарзи қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар Навоий вилоятида — 58,4 миллиард сўм ва Сирдарё вилоятида — 53,7 миллиард сўмни ташкил қилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter