Қуролли тўқнашувда 133 нафар афғон ҳарбийси ҳалок бўлди – Покистон ҳукумати
Покистон Бош вазирининг хорижий оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича вакили Мушарраф Заидий чегарадаги тўқнашувларда афғон жангчилари орасида ҳалок бўлганлар сони 133 кишига етганини, 200 дан ортиқ одам эса яраланганини иддао қилди.
«Жами 133 нафар афғон толиби ҳалок бўлгани тасдиқланди, 200 дан ортиқ одам яраланди. Кобул, Пактия ва Қандаҳордаги ҳарбий нишонларга қилинган зарбалар натижасида анча катта йўқотишлар бўлган деб тахмин қилинмоқда. Афғонистон толибларининг 27 та пости йўқ қилинди ва 9 таси қўлга олинди», – деб ёзди Заидий «X» тармоғида.
У шунингдек, иккита корпус штаб-квартираси, учта бригада штаб-квартираси, иккита ўқ-дори омбори, битта логистика базаси, учта батальон штаб-квартираси, иккита сектор штаб-квартираси ва 80 дан ортиқ техника, жумладан, танклар, артиллерия қисмлари ва зирҳли транспортёрлар йўқ қилинганини даъво қилмоқда.
Афғонистон расмийлари эса ўтган ҳафта Покистон Афғонистоннинг Нангарҳар ва Пактика вилоятларидаги туманларга ҳаво ҳужумларини уюштиргани, натижада ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлгани ва яраланганини маълум қилди.
Кеча тунда эса Афғонистон қуролли кучлари портлашларга жавобан икки мамлакатни ажратиб турувчи Дуранд чизиғи бўйлаб Покистон кучларига қарши кенг кўламли ҳужумкор ҳарбий операцияларни бошлаганини эълон қилди.
Манба: x.com


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter