Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қуёшда турган сувнинг таъми эмас, таркиби ўзгаради... бу эса жуда хавфли

Қуёшда турган сувнинг таъми эмас, таркиби ўзгаради... бу эса жуда хавфли

Фото: сунъий интеллект

Ёз бошланиши билан муздек ичимликларга талаб ошади. Кўча-кўйда, дўконлар олдида устма-уст тахлаб қўйилган, қуёш нури остида “тобланаётган” кўплаб пластик сув блокларини кўрамиз. Истеъмолчи сифатида биз ичкарига кириб, музлатгичдан худди шу сувнинг совутилганини сотиб оламиз ва ўзимизни хавфдан холи деб ўйлаймиз. Аммо бу сувлар музлатгичга қўйилишидан олдин кунлаб, баъзан ҳафталаб очиқ ҳавода, иссиқ жазирамада ва тўғридан-тўғри ультрабинафша нурлари остида қолиб кетган бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Мутахассислар фикрига кўра, салқин шароитда пластик идишлар (ПЭТ) барқарор туради. Аммо ҳарорат кўтарилганда ва унга қуёш нури тўғридан-тўғри тушганда, полимер занжири парчаланишни бошлайди. Бу жараён илм-фанда фотодеградация деб аталади ва натижада пластик таркибидаги хавфли кимёвий бирикмалар сувга сизиб чиқади.

Россиялик шифокор-педиатр Айгюль Исрафилованинг “Газета.Ru” нашрига маълум қилишича, бу токсинлар организмга тушганда эндокрин (гормонал) тизимига, репродуктив (фарзанд кўриш) функциясига ҳамда умумий соғлиқ ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Хавфнинг ёмон томони, у ўша заҳоти заҳарламайди, балки йиллар давомида танада йиғилиб боради.

Кола, шарбат ва энергетиклардаги кимёвий уруш

Агар оддий сув ҳақидаги фактлар хавотирли бўлса, рангли, газланган ва таркибида шакар бўлган ичимликлар, кола, шарбатлар ва энергетиклар ҳақида фан янада даҳшатлироқ фактларни келтиради. Бу ичимликлар таркибида жуда кўп миқдорда кислоталар (фосфор ёки лимон кислотаси) мавжуд. Кислотали муҳит эса иссиқлик таъсирида пластик билан янада агрессив реакцияга киришади.

Бу ерда энг катта хавфлардан бири Бензолдир. Кўплаб шарбатлар ва лимонадлар таркибида консервант сифатида натрий бензоат (E211) ва С витамини (аскорбин кислотаси) бўлади. Юқори ҳарорат ва қуёш нури таъсирида бу икки модда ўзаро реакцияга киришиб, кучли канцероген Бензолни ҳосил қилади. Бензол эса қон ҳужайраларини шикастлаб, оққон (лейкемия) хавфини ошириши тиббиётда исботланган.

1 литр сувда 240 000 та пластик бўлаги!

Яқинда АҚШнинг Кентукки университети Тиббиёт коллежи тадқиқотчиси, доктор Патрик Ханнон ёзги жазирамада пластик идишлардан фойдаланишнинг янги хавфлари тўғрисида махсус тиббий баёнот билан чиқди.

Олимнинг таъкидлашича, пластик идишлардаги бисфенол А ва фталатлар молекулалари жуда бўш боғланган бўлиб, қуёш нури ва иссиқ машина ичидаги юқори ҳароратда улар сувга жуда тез сизиб чиқади. Бу кимёвий заҳарлар шунчалик кичикки, улар инсон танасининг ҳужайралари ва тўқималарига тўғридан-тўғри сингиб кетади.

2024 йилда Миллий фанлар академияси нашрида чоп этилган тадқиқотда, учта энг оммабоп брендлардаги  сувларни таҳлил қилишади ва ўртача 1 литр сув таркибида тахминан 240 000 та майда пластик бўлаклари борлигини аниқлашди! Энг хавфлиси, уларнинг 90 фоизи кўзга умуман кўринмайдиган, ҳужайраларни заҳарловчи нанопластиклардир. Бу аввал ўйланганидан 10 дан 100 баробаргача кўп демакдир. Бу моддалар инсоннинг эндокрин (гормонал) тизимини ишдан чиқаради. Натижада репродуктив, неврологик ва иммунитет касалликлари келиб чиқади,  бу заҳарли таъсир, айниқса,  чақалоқлар ва болалар учун икки карра хавфли. Улар вазнига нисбатан кўпроқ сув ичишади, демак, таналарига тушадиган нанопластик дозаси катталардан кўп бўлади.

Ҳомиладор аёлларнинг ҳам сувга талаби ошишини ҳисобга олсак, кимёвий заҳарлар тўғридан-тўғри ривожланаётган ҳомилага таъсир қилади. Кекса ёшдагиларнинг иммун тизими заифлашгани сабабли тана кумулятив (тўпланиб борувчи) заҳарланишга бардош беролмайди.

Ярим литрлик идишдаги сувни ўртача 10-15 дақиқада ичиш мумкин, аммо чиқиндаига улоқтирилган оддий пластик идиш табиатда тўлиқ парчаланиши учун 450 йилдан 500 йилгача вақт керак бўлади. УФ нурлари таъсирида қуёшда куйган пластик эса янада тезроқ майда заррачаларга бўлиниб, тупроқ, сув, балиқ ва чорва гўшти орқали яна ўзимизнинг дастурхонимизга   қайтиб келади.

Атрофни пластик босиб кетишини ва танамиз заҳарланишини тўхтатиш учун ҳар бир инсон ўзидан бошлаши мумкин бўлган оддий онгли истеъмол қоидалари мавжуд. Аввало, кўчадаги блоклардан сув олманг. Дўконга кирганда сотувчидан қуёш тиғида турмаган, ёпиқ омбордан олиб чиқилган маҳсулотни беришни талаб қилинг. Ўзингиз билан кўп марталик зангламайдиган пўлат ёки шиша идишда сув олиб юришни одат қилинг. Саёҳатга чиққанда машинада унутиб қолдирилган пластик идишдаги сувдан фойдаланманг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг