Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рамазон ойида саҳарликка зайтун, довул чалиш, замбарак отиш одатлари, арзонлаштирилган маҳсулотлар

Рамазон ойида саҳарликка зайтун, довул чалиш, замбарак отиш одатлари, арзонлаштирилган маҳсулотлар

Ҳар бир мусулмон ўлкасида Рамазон ойига хос урф-одатлар мавжуд. Ҳамюртимиз Ситора Алихонзода Facebook саҳифасида ушбу ой билан боғлиқ Туркиядаги баъзи урф-одатларни ёзиб қолдирди:

Довул чалиш

Рамазон ойи кириши билан довулчилар маҳалла кўчаларини кезиб, (довул чалиб) одамларни саҳарликка уйғотади. Жумладан, бу йил биргина Истанбул аҳлини саҳарликка уйғотиш мақсадида 3400 довулчи сафарбар этилган. Тарихда – техника ривожланмаган, соат, телефон кашф этилмаган пайтда бу ишга масъул кишилар бириктирилган экан. Улар миллат ухлаб қолиб, саҳарлик вақтини ўтказиб юбормаслиги учун одамларни довул овози билан уйғотишган. Довулчиларга ой охирида одамлардан эҳсон тарзида хизмат ҳақи йиғиб берилган.

Бугунги кунда турклар орасида бу анъанани уйқунинг «белига тепадиган» – «сачма-сапан» одат деб биладиганлар ҳам кам эмас. Шунга қарамай, уларнинг аксарияти Усмонийлар замонидан бери мавжуд бўлган бу анъанани имкон қадар узоқ асрлар давомида сақлаб қолиш ва давом эттириш ниятида.

Замбарак отиш

Султон Мустафо III даврида пайдо бўлган, шом намози яқинлашгани, яъни ифтор вақти келганини билдириш мақсадида замбарак (ўқ) отиш ҳам Туркиянинг баъзи туман ва вилоятларида сақланиб келинмоқда.

«Рамазан пидеси»

Мазаси ва кўриниши ўзбекларнинг чапати нонига ўхшаб кетадиган «пиде»лар Туркияда асосан Рамазон ойида кўп сотилади ва истеъмол қилинади. Худди бизнинг нишолда сингари, «рамазан пидеси» бу ерда Рамазон ойи рамзларидан бири саналади.

Гуллеч

Туркияда Рамазон «софра»сининг «олмазса олмаз»ларидан бири бу айнан Гуллеч ширинлигидир. Сут ва шакардан тайёрланадиган, усти писта мағзи ва мева билан безатиладиган бу пишириқ турк оилаларида ифтор дастурхонларининг кўрки саналади.

Ифторда зайтун

Ифторликда хурмо билан оғиз очиш бир суннат эканидан хабарим бор эди-да, лекин зайтун билан ҳам оғиз очилишини айнан Туркияга келиб кўрдим. Одатда, турклар зайтунни «каҳвалти», яъни нонушта вақтида тановул қилишади.

Аёллар таровеҳда

Туркиядаги жомеъларнинг барчасида аёллар учун алоҳида бўлинма мавжуд, хотин-қизлар ҳам истаган вақт жомеъга бориб (кириб) намоз ўқиса бўлади. Рамазон ойида эса аёллар таровеҳ намозини ҳам жомеъда аёллар жамоати билан бирга ўқиши мумкин...

Хўш, бошқа мусулмон мамлакатларининг рамазон ойи билан боғлиқ урф-одатлари қандай? IRNA нашри тадқиқотчиси Рамазон ойида ушбу маросим ва урф-одатларнинг айримларини турли мусулмон мамлакатларида ўрганган.

Афғонистон

Рамазоннинг биринчи куни ҳукумат томонидан расмий байрам деб эълон қилинади ва мусулмонлар шу ойда махсус маросимларни ўтказишга тайёргарлик кўришади. Афғонистон маданиятида рўза алоҳида ўрин тутади, масжидларда, муқаддас ибодат жойларида ибодат, ваъзларга кенг ўрин берилади. Қуръони Каримни ўқиш афғон халқи муқаддас ойда алоҳида эътибор берадиган энг муҳим анъаналардан биридир. Шунингдек, камбағалларни озиқ-овқат билан таъминлаш ва уларга ёрдам бериш одат тусига киради ва мамлакатдаги аксарият масжидлар тунда ифторлик ташкил қилишади. Афғонистонда Эрондагидек одамлар ифторликда махсус маҳсулотлардан фойдаланадилар, юқори озуқавий қийматга эга хурмо ва махсус афғон тузланган бодринглари истеъмоли жуда кенг тарқалган.

Ҳиндистон

Ҳиндистонда масжидлар ва диний жойлар Муқаддас Рамазон ойи олдидан ранг-баранг матолар билан безатилади. Бозорлар гўёки хос рангларга бўялади ва бошқа миллат, элатлар учун Муқаддас Рамазон ойи учун махсус буюмлар таклиф этилади.

Ҳиндистон мусулмонлари одатда суҳбатни туз, қайноқ сув ва хурмо билан бошлайдилар, сўнгра гуруч ва нон, пиширилган ясмиқ, ҳалим ва харрисни қалампир, зираворлар билан истеъмол қиладилар.  Ифтор ва саҳарликда гўшт ва гуручдан иборат «Гонжи» деб номланган махсус овқатни истеъмол қилишади. Бу мамлакатда Рамазоннинг махсус ичимликлари лимон шарбати ва сув билан аралаштирилган сут бўлиб, ҳиндуларнинг фикрига кўра, тунги ибодат учун рўза тутишда қувватни оширади. Ҳиндистонда «саҳархаванлар» муҳим ўрин тутади, бомдод намозидан олдин улар одамларни уйғотадилар.

Бирлашган Араб Амирликлари

Муқаддас Рамазон ойи БААда Шобон ойининг иккинчи ярмидан бошлаб нишонланади. Болалар учун махсус каштали кийим кийиш ушбу ойнинг энг муҳим анъаналаридан биридир. Ерга ёйилган гиламларда жамоавий ифтор ташкил этилади. Ифторлик пайтида гуруч, самбусе, хурмо, ширинликлар, ҳолва, сут, пишлоқ ва мевалар энг муҳим овқатлардан биридир. Тонгда одамларни уйғотадиган махсус хизматчилар ҳам бор.

Уммонда Рамазон анъаналари

Уммонда қариндошларни зиёрат қилиш бу ойнинг махсус маросимларидан бири бўлиб, унда меҳмонлар ҳар куни бир-бирининг уйида тунаб қолишади. Улар тонгда гўшт, гуруч, чой ва қаҳва каби махсус таомларни истеъмол қиладилар. Уммон болалари «Горнагшаве» деб номланган ўйин давомида кўчаларда кезиб, бир уйдан иккинчисига ўтиб юришади ва хонадон эгаларидан ширинликлар сўрашади.

Албания

Барабан чалиш Албаниянинг Муқаддас Рамазон ойини нишонлашда энг муҳим анъаналаридан биридир. Тобора кўпроқ мусулмонлар бирлашадиган бу ойда, ҳатто насронийлар ҳам диний биродарлари билан биргаликда баъзан рўза тутишади ва ибодат қилишади. Рамазон ойида яна бир ўзига хос анъана масжидларда Қуръон ўқишдир.

Баҳрайн

Баҳрайнда Муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан одамлар ва болалар қўшни уйларга диний қўшиқлар куйлаш ва ширинликлар олиш учун ота-боболарининг анъанавий либосларини кийишади. Ифторлик учун махсус ширинликлар тайёрланади. Бу ойда Баҳрайнда диний маросимлар кенг тарқалган.

Покистон

Ушбу ойда Покистондаги масжидлар айниқса гавжум бўлади. Намоздан кейин ифторликда хурмо, гўшт ва гуруч берилади, ойнинг охирги ўн кунлигида улар ҳам масжидга саҳарликка келишади, у ерда ширинликлар ва ҳолва ейишади.

Покистондаги ифтор маросимлари мамлакатдаги энг гўзал Рамазон анъанаси ҳисобланади. Исломободдаги одамлар ифтордан бир неча соат олдин йиғилиб, барча керакли нарсаларни тайёрлайдилар, бозорлар ва дўконлар гавжум бўлади. Бундан ташқари, байрам пайтида покистонликлар муҳтожларни унутмайдилар ва Рамазон ойини хайрия, ҳамкорлик ойига айлантирадилар. Ишбилармонлар камбағал ва кам таъминланганларга шу ойда даромад олишлари учун ёрдам беришга ҳисса қўшадилар – асосий маҳсулотлар, сабзавот, гўшт ва бошқа буюмлар нархини пасайтиришади.

Рамазон ойида ҳукумат ташкилотлари хизматчилари иш фаолияти енгиллаштирилади – ишга кечроқ бориб, бир соат олдин уйларига кетишади.

Таиланд

Таиланд халқи ҳам алоҳида анъаналарга эга. Бу мамлакатнинг рўзадорлари ифторни сув ва хурмо билан бошлашади. Таиландликлар орасида анъанавий ширинликлар ҳам бу ойнинг асосий таоми ҳисобаланди. Мамлакат масжидларида диний ваъзгўйлар турли гуруҳларни ташкил қилиб одамларга дарс беришади. 19, 21 ва 23-муқаддас ой кечаларидан ташқари, мамлакат халқи 27-Рамазон кечасини қудрат кечаси сифатида нишонлайди. Қуръон ўқиш, камбағалларга хайрия қилиш ва ифторда озиқ-овқат тарқатиш Таиланд халқининг урф-одатларидан биридир.

Сурия

Суриянинг барча ҳудудларида Ражаб ва Шобон ойларида ҳаёт тунда қайнайди, яъни одамлар тоат-ибодатда бўлишади. Саҳарликда «барабан чалиш» маросими одамларни уйғотиш ва тайёргарлик кўриш учун энг муҳим амаллардир. Гўшт, гуруч, балиқ, сабзавотлар, кабоблар, салатлар, пишлоқ, мураббо, зайтун мойи ва тухум бу ойнинг энг муҳим таомлари саналади.

Сурияда мусулмонлар тўпланишади ва ибодат жамоавий бомдод намози шаклида ўтказилади. Ярим тунда азондан олдин Қуръон тиловати ҳам бу мамлакатда ўтказиладиган маросим. «Ўнта озиқ-овқат» деб номланган биринчи ўн кунликда муҳтожларни озиқ-овқат билан таъминлашга эътибор қаратилади. Ойнинг иккинчи қисми «ўнта кийим» деб номланади – улар ҳайитни нишонлашга кийим сотиб олишади ва камбағалларга ёрдам беришади. Охирги ўн кунлик эса «ўнта ширинлик», бозорларда машҳур ширинликларни сотиб олиш ва сотиш вақти.

Саудия Арабистони

Рамазон ойида Саудия Арабистонида махсус урф-одатлар, шу жумладан, турмуш тарзини ўзгартириш, бу улар учун илоҳий ойнинг белгисидир. Минглаб мусулмонлар муқаддас Рамазон ойида рўза тутиш ва ибодат қилиш маросимларини ўтказадилар. Араб қаҳваси, хурмо, қийма гўшт ва балиқ Рамазонда энг муҳим таомлардан биридир.

Қатар

Рамазон ойи Шобон ойининг ўрталарида Қатарда махсус маросим билан бошланади. Ушбу ойни нишонлаш халқнинг урф-одатлари ва ижтимоий маданияти билан ажралиб туради, озиқ-овқат дўконларида Рамазон учун махсус чегирмалар ўтказилади.

Қувайт

Муқаддас Рамазон ойи бошланганидан бери кувайтликлар масжидларни электр ва шам билан ёритиладиган гуллар, кўплаб чироқлар билан безашади. Қуритилган ёнғоқ мағизлари, қуритилган анжир, атиргул барглари ва ёнғоқ пастаси Рамазондаги энг муҳим озуқа қаторига киради. Ифторлик дастурхони шоҳоналиги озиқ-овқат бозорига талабни кучайтиради, одамлар ифторлик ва саҳарлик учун ҳар хил озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарадилар.

Малайзия

Малайзияда буддистлар, ҳиндулар ва насронийлар каби кўплаб ирқлар ва турли дин вакиллари, Муқаддас Рамазон ойига алоҳида ҳурмат билан қарашади. Ҳатто мусулмон бўлмаганларни ватандошлар билан рўза тутишга ундашади. Муқаддас Рамазон ойининг биринчи кечасида кўчаларни ёритиш – одамларнинг қувончини шу тарзда ифода этиш анъанаси мавжуд.

Рамазон ойида истеъмол маҳсулотларига мол гўшти, қўзичоқ, товуқ ва балиқ киради, улар турли шаклларда истеъмол қилинади. Турли шакл ва рангдаги ширинликлар, ҳолва, «Кабаб», «Шаверма» ва «Катаф » бу ойнинг ўзига хос таомларидандир.

Малайзиядаги аксарият мусулмонлар масжидларда ибодатда бўлишади ва у ерда оилалари билан ифтор қилишади. Масжидларда Рамазоннинг машҳур таоми қўзичоқ ёки товуқли гуруч, баъзан эса турли хил сабзавотлар муҳтожлар орасида бепул тарқатилади.

Индонезия

Бу мамлакатда одамлар Рамазон ойини ой бошланишидан бир неча кун олдин кутиб олишади, рўза тутиш ва сажда қилишга астойдил киришишади. Муқаддас Рамазон ойи Индонезия мусулмонлари учун байрам ва қувонч ойидир. Тунги ҳаёт, ўйин-кулги, ўйинлар ва турли хил ошхоналар бу ой Индонезия маданиятининг бир қисмига айланади. Бу мамлакатда Рамазон кириб келиши билан кўпчилик эрталабгача масжидда хизмат қилишади ва шу билан айёмнинг бошланишини белгилайдилар.

Индонезиянинг энг машҳур ошхонаси – «Эбгам» ҳамиша гавжум бўлади. Уларнинг севимли таомларига денгиз маҳсулотлари, гуруч ва сабзавотлар киради. Товуқ кабоби ифторлик учун энг яхши таом. Индонезияда мусулмонлар томонидан Рамазон байрамини нишонлашнинг охири-Ийд Ал-Фитр. Шу куни бир ой рўза тутган одамлар янги ранг-баранг кийимларини кийиб, диний маросимларни ўтказадилар.

Миср

Рамазонда барча мисрликлар, мусулмонлар, мусулмон бўлмаганлар муқаддас ойнинг маросимларини нишонлайдилар.

Мисрнинг барча шаҳарлари электр энергияси билан таъминланган бўлса-да мойлампалар ишлатилади, сабаби шу тахлит Рамазон ойи шукуҳини ҳис қилишади. Бу ойда ушбу чироқларнинг бозори чаққон бўлиб, одамлар улардан уйлар ва хиёбонларни безашда фойдаланадилар. Бу ойда мисрлик болалар ушбу чироқлар ёғдусида машҳур мадҳиялар ва шеърларни ўқийдилар.

Миср мусулмонлари ифтордан кейин кафе ва чодирларда, тунги маросимлар, ибодатлар ва мусобақалар учун йиғилишади.

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг