Рақамли иқтисодиёт учун кадрлар
Банк-молия академияси Ўзсаноатқурилишбанк билан ҳамкорликда Кейс-чемпионат ўтказмоқда.
Рақамли иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш ҳар бир олий ўқув юрти учун устувор йўналишга айланиши зарур. Рақамли трансформация соҳасидаги экспертлар фикрича, ёш мутахассисларни ўтган аср усуллари, дарсликлари ва қўлланмалари асосида ўқитиш уларнинг ривожланишини сустлаштириб, фойдадан кўра кўпроқ зарар етказиши мумкин.
Банк-молия академияси янги ўқув йилида «Молия ва молия технологиялари» мутахассислигини жорий этмоқда. Мазкур мутахассислик бўйича банк ва молия хизматларини рақамлаштириш соҳасида лойиҳа раҳбарлари ўқитилади. Ушбу мутахассислар туфайли янги мобил иловалар ва онлайн-сервислар оммалашади.
Магистратурада таълим олиш учун муносиб номзодларни танлаш мақсадида Академия ёшга, базавий таълим ва соҳа бўйича иш тажрибага доир чекловларни бекор қилди. Бу ўринда энди ахборот технологиялар ва математика соҳасида базавий маълумотга эга мутахассислар афзал кўрилади.
«Академияга қабул Кейс-чемпионат шаклида бўлиб ўтмоқда. Биз ҳар куни танловда иштирок этиш учун юзлаб аризалар олмоқдамиз, номзодларнинг қизиқиши жуда катта, чунки Ўзбекистонда магистратурага қабул илк бор бундай усулда ташкил этилмоқда», — деди Банк-молия академияси проректори в.в.б., иқтисод фанлари доктори Зафар Бердиназаров.
Айнан Очиқ Кейс-чемпионат иштирокчилари учун Академия раҳбарияти АҚШ, Қозоғистон, Миср, Россия, Оман ва бошқа мамлакатлардан бой амалий тажрибага эга экспертларни жалб қилди.
Кейс-чемпионат давомида иштирокчилар қуйидаги долзарб масалалар бўйича ўз ечимларини таклиф этади:
- 2030 йилдаги молия ташкилотлари ва банклар ҳақида тасаввур;
- иқтисодий ўсишни таъминлаш ва инфляцияни пасайтириш усуллари;
- капитал бозори ҳажмини ЯИМнинг 10 фоизигача ошириш йўллари;
- солиқ тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш;
- пандемия шароитида иқтисодий ўсишни таъминлаш;
Фақат биринчи ҳафта давомида Банк-молия академияси сайтида (qabul.bfa.uz) 700 дан зиёд номзодлар рўйхатдан ўтди. Уларнинг айримлари билан танишамиз:
Сарваржон Мизробов, Навоий тоғ-металлургия институти битирувчиси, Академияда яратилган имкониятлардан фойдаланмоқда, ўз билим ва иқтидорини намоён этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ислам Исканов, Тошкентдан, Asia Alliance Bank мутахассиси, Тошкент молия институти битирувчиси: «Академияда иқтидорли ёшлар учун барча шароитлар яратилган, шу боис мен Кейс-чемпионатда юқори кўрсаткичларга эришиш учун барча куч ва салоҳиятимни ишга соламан».
Авезжон Абдуллоев, Бухоро давлат университети 3 босқич талабаси: «Мен Хитой, Туркия, Қозоғистон, БАА каби хорижий мамлакатларда малака оширганман ва ҳозирда таълим олишни давом эттирмоқдаман. Илк Кейс-чемпионат ҳақида эшитганимда, унда иштирок этишга қарор қилдим. Мақсадим – Банк-молия академиясида яратилган имкониятлардан фойдаланиш ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшишдир».
«Банк-молия академиясида ишга янгича ёндашувлар энг сара иш берувчилар эътиборини жалб қилмоқда. Агробанк, Миллий банк, Асака банк, Ҳамкорбанк ва Капиталбанк магистратурада ўқиш учун ўз грантларини ажратишга тайёр эканлигини билдирди, давлат органлари ходимлари кейс-чемпионатда ғолиб бўлиб, давлат таълим грантини қўлга киритиши мумкин» - деди Академия кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори Фозлиддин Аллаяров.
Банк-молия академияси Ўзсаноатқурилишбанк билан ҳамкорликда барча номзодларга омад тилаган ҳолда Кейс-чемпионатга рўйхатдан ўтиш 2020 йил 1 августга қадар очиқ эканлигини эслатиб ўтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter