Рақамли иқтисодиётни жорий қилишга оид ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Мамлакатда рақамли иқтисодиётни, замонавий ахборот технологияларини давлат бошқарувида татбиқ этишни ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда қуйидаги йўналишлар белгилаб олинган:
- давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат органларининг жойларда зарур ахборот тизимлари ва ресурсларини, дастурий таъминот ва электрон хизматларнинг жорий қилинишини мувофиқлаштиришларини белгилаб олиш;
- мамлакатда рақамли иқтисодиёт, ахборот технологиялари бозорини, жумладан давлат хусусий шерикчилиги асосида технопарк ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилиш орқали хорижий сармояларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиш;
- замонавий телекоммуникация инфратузилмаси, алоқа технология ва тармоқларини ривожалнтириш, замонавий телекоммуникация хизматларини ривожлантиришни жорий қилишни мувофиқлаштириш;
- давлат бошқарувида ва иқтисодиёт соҳаларида электрон хизматларни жорий қилиш, электрон тижорат ва дастурий таъминот бозорини ривожлантириш орқали рақамли иқтисодиётни юксалтириш;
- Интернетнинг миллий сегментини, рақамли медиа-контентни ташкилий, моддий-техник ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш орқали ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани бошқаришда фойдаланиш, хусусан турар-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикаси, хавфсиз ва «ақлли шаҳар» учун «ақлли тизим»ларни ишлаб чиқиш;
- малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
Комиссияга қуйидаги вазифалар юклатилади:
- икки ой муддатда давлат органларида ахборот-коммуникация технологияларининг ҳолати, жумладан ахборот тизимлари ва кадрлар билан таъминланганлик ҳолатини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш;
- 2018 йилга қадар мазкур йўналишни такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.
Шу билан бирга, 2030 йилга қадар «Рақамли Ўзбекистон» концепциясини ишлаб чиқиш юзасидан ҳам чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 31 августига қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter