Рақамли майдондан яшил майдонгача: “Алоқа соҳаси кубоги – 2026” саралаш баҳслари якунланди!
Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида мини-футбол (футзал) бўйича кўчма кубок учун ўтказилган республика мусобақасининг саралаш босқичи ўз якунига етди. Муросасиз баҳслар ва шиддатли курашларга бой бўлган турнир соҳа ходимларининг нафақат интеллектуал, балки жисмоний салоҳиятини ҳам намоён этди.
Мусобақанинг ҳақиқий кашфиёти ва сенсациясига айланган Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази жамоаси дастлаб “А” гуруҳидаги шиддатли баҳсларда муносиб иштирок этиб, 2-ўрин билан чорак финал йўлланмасини нақд қилган эди.
Турнир дебютанти бўлишига қарамай, Марказ вакиллари нафақат рақамли хизматлар ва АКТ соҳасида, балки яшил майдонда ҳам ҳақиқий етакчи эканликларини исботлашди. Якуний натижаларга кўра, жамоа фахрли 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, ушбу юқори поғонага МТРК жамоаси ҳам муносиб деб топилди.
Мавсум давомида кўрсатилган энг барқарор ва профессионал ўйинлар натижасида шохсупа қуйидагича кўриниш олди:
- Чемпион: Контакт маркази жамоаси;
- Вице-чемпион: МАТБ жамоаси;
- 3-ўрин: Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда МТРК жамоалари.
Чемпион ва вице-чемпион жамоалар келгуси мавсумда соҳанинг мутлоқ етакчиси бўлиш учун саралаш босқичида ўз кучларини синаб кўриш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Шу билан бирга, саралаш мусобақаси якунларига кўра Тошкент почтамти, ТАТУ ва Алоқабанк жамоалари жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган нуфузли Республика финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олдилар.
Алоқа соҳаси кубоги мусобақаларига 2000 йилда асос солинган бўлиб, шу вақтга қадар республика миқёсида 21 маротаба муваффақиятли ўтказилган.
Бугун ўз якунига етган 22-анъанавий мусобақада юқори профессионаллик, жамоавий руҳ ва ғалабага бўлган чексиз иштиёқни намойиш этган, ғолиб ва совриндор бўлган барча жамоаларни чин қалбимиздан муборакбод этамиз!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter