Расман: мактабдаги сўнгги 6 йиллик ўртача баҳолар тест синовлари балига қўшилмайди

Жорий йил 19 июль куни қабул қилинган ПФ-114-сонли Президент фармони билан Ҳукуматнинг 2021 йил 19 ноябрдаги «Олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига қўйилган баҳоларини инобатга олиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотди.
Бу ҳақда таълимга доир янгиликларни бўлишиб борувчи блогер Хушнудбек Худойбердиев маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилги қарор билан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларнинг шаҳодатномаларидаги сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ўқишга киришда инобатга олиниши ва тўпланган баллга ўртача баҳо қўшиб берилиши керак эди.
Бунда баҳоларнинг ўртача кўрсатгичи 6-11-синфлардаги ёки 6-9-синфлар ва 1-2-босқичлардаги йиллик баҳоларнинг умумий йиғиндисини ўқитилган фанларга бўлиш орқали чиқарилиши белгиланган эди.
Мазкур баҳолар эса балл кўринишида абитуриент тўплаган умумий баллга қўшилиши режалаштирилганди. Бироқ ушбу тартибни жорий қилиш 2023 йилда яна 2 йилга кечиктирилган.
114-сон фармон билан эса 2021 йилги ушбу қарор батамом бекор қилиниб, шаҳодатномадаги баҳолар имтиҳонда инобатга олинмайдиган бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter