Рекорд: «реактив» қуш 12 минг км масофани қўнмасдан учиб ўтди
Лойхўраклар оиласига мансуб қуш қўнмасдан узоққа парвоз қилиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Митти қуш (веретенник, лотинча — Limosa lapponica) 11 кун ичида 7500 миль (12 минг километрдан зиёд) масофани учиб ўтиб, Аляскадан Янги Зеландияга етиб борди. Ажабланарлиси, у овқатланиш ва дам олиш учун бирор марта ҳам тўхтамаган, деб хабар берди «The Daily Mail».
Олимлар қушнинг парвозини думига ўрнатилган махсус мослама орқали кузатишга муваффақ бўлишди. Уларнинг таъкидлашича, мазкур турдаги қанотлилар узоқ масофаларга учишга яхши мослашган. Танасининг тузилиши «реактив самолёт»га ўхшайди: силлиқ тана ва узун ўткир қанотлар «катта аэродинамик салоҳиятга» эга. Бундан ташқари, мазкур қушлар жой ва маконда яхши мўлжал олишади.
«Реактив» қуш парвозини 16 сентябрь куни Аляскадан бошлаган. У соатига 55 милгача (88 км/с) тезлик билан учган. Алеут оролларининг жанубидан ўтиб, 27 сентябрь куни Окленд яқинидаги кўрфазга келиб қўнган.
Нуқтадан нуқтагача бўлган масофа 12 853 км. Бу 2007 йилда шу турдаги қуш томонидан ўрнатилган жаҳон рекордини янгилади — ўшанда мода қуш тўхтовсиз 11 500 км парвоз қилган.
Limosa lapponica — ўртача 230 — 450 грамм оғирликка эга, қанотларини ёзганда 70 — 80 сантиметргача етади. Улар ёзни Арктикада ўтказиб, қишда эса жанубга учиб кетишади. Баъзилари Шимолий денгизгача учса, бошқалари Ҳиндистонгача етиб боришади.
Аляскада ин қурадиганлари қишни Австралия ва Янги Зеландияда ўтказишади. Бу барча қушлар учун энг узун масофа ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter