Республика Халқ банки: «Ҳар ой 3 миллион пенсионерга 1,5 триллион сўм маблағ етказиб берилмоқда»

Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Халқ банки: ислоҳот ва самара» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Ушбу тадбирда Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари Низомиддин Аббосов, иқтисодий таҳлил департаменти директори Жамол Юсупов, пул муомаласи ва касса операциялари департаменти директори Жасур Маҳмудов, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини бошқариш департаменти директори Мухтор Эшниёзов Халқ банки тизимида кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ҳамда уларнинг ижроси хусусида маълумот беришди.

Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари Низомиддин Аббосов тадбирни очиб берди. У ўз нутқида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига тўхталиб, эндиликда мижоз банк ҳудудига тўсқинликларсиз (ҳужжатларсиз) кириши, кредит бериш босқичлари тўғрисида мижозни ўз вақтида хабардор қилиш йўлга қўйилганини билдирди.

Шунингдек, тадбирда банк тизимида пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини такомиллаштириш борасида қилинаётган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.

— Халқ банкининг сайёр кассалари орқали республикамизнинг 3 миллиондан зиёд пенсионерларига бир ойда 1,5 триллион сўм ҳар ойнинг 27-санасига қадар етказиб берилмоқда, — дейди Пул муомаласи ва касса операциялари департаменти директори Жасур Маҳмудов. — Халқ банкининг барча ҳудудий ва туман филиалларида пенсия ва нафақа тўловлари бўлими ташкил этилди. Ҳар бир сайёр касса бухгалтер-назоратчи ходимлари 2000 та планшет билан таъминланган бўлиб, пенсия маблағларининг берилиши билан боғлиқ ҳисоботлар жараёни автоматлаштирилди.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter