Роберт Фицонинг аҳволи ҳақида маълумот берилди
Словакия мудофаа вазири Роберт Калиняк чоршанба куни суиқасд уюштирилган мамлакат бош вазири Роберт Фицонинг аҳволи ҳақида маълумот берди.
Калинякнинг сўзларига кўра, шифокорлар Фицонинг аҳволини барқарорлаштириш учун ҳамма нарсани қилишмоқда.
«Афсуски, унинг аҳволи оғир, чунки тўртта ўқдан олган жароҳат жуда жиддий», — деди Калиняк.
Чоршанба куни кечқурун 59 ёшли Фицо уч соатдан ортиқ жарроҳлик амалиётида бўлгани ва шифокорлар унинг ҳаёти учун курашаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Роберт Фицога суиқасд чоршанба куни тушдан кейин Гандлова шаҳрида содир бўлди. Бош вазир маҳаллий аҳолининг олдига келганида, номаълум эркак унга бир неча марта ўқ узган.
Ҳодиса жойида суиқасд уюштирган шахс қўлга олинган. У 71 ёшли ёзувчи ва сиёсий фаол бўлиб чиқди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter