Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди Россия ва Ўзбекистонда берилган таълим, малака ва илмий даражалар ўзаро тан олинади

Энди Россия ва Ўзбекистонда берилган таълим, малака ва илмий даражалар ўзаро тан олинади

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

2019 йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида таълим, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш тўғрисида Битим Урганч шаҳрида имзоланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хабар берди.

Битимни имзолаш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев ҳамда Россия Федерацияси Ҳукумати номидан Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Григорий Трубниковлар томонидан амалга оширилди.

Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва ҳар иккала Давлатда берилган таълим, малака ва илмий даражалар ўзаро тан олинади. Битимнинг имзоланиши ва кучга кириши натижасида иккала давлат фуқаролари учун бир қатор қулайликларни келтириб чиқаради. Энг аввало, Ўзбекистон Республикасида берилган таълим ҳужжатларининг Россия Федерациясида тўғридан-тўғри тан олинишига олиб келади. Бу эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги таълим муассасаларида таълим олишларига ва меҳнат бозорида фаолият юритишига йўл очади.

Мазкур Битим Томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ Томонлар давлатларида таълимни давом эттириш ва мутахассислик фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида олинган таълим, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олишни тартибга солади.

Ушбу Битим орқали Россия Федерациясида олинган, ўқиш муддати тўрт йилдан кам бўлмаган бакалавр дипломи билан тасдиқланган олий таълим ва Ўзбекистон Республикасида олинган, ўқиш муддати тўрт йилдан кам бўлмаган бакалавр дипломи билан тасдиқланган олий таълим мос равишда тан олинади.Олий таълимда кундузги таълим шаклида ўқиб олинадиган ҳужжатлар ўзаро тан олиниши белгиланмоқда. Яъни, таълим сифатини кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясидаги таълим муассасаларида кундузги таълим шаклидан бошқа таълим шаклида ўқиб олинган ҳужжатлар томонларнинг қонунчилигида белгиланган тартибда тан олиниши ва нострификациядан ўтказилиши амалиёти сақлаб қолинмоқда.

Сўнгги йиллардаги статистик маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг 28 000 минг нафар фуқаролари Россия Федерациясининг таълим муассасаларида олий таълим муассасаларида таҳсил олишмоқда. Шу вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерациясининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш, таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириш, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ёки касбий фаолият билан шуғулланишллари учун шаҳодатнома, аттестат, диплом каби таълим ҳужжатларини нострификациядан ўтказишлари талаб этилар эди. Россия Федерациясидаги таълим ҳужжатларини тан олиш билан шуғулланувчи Главэкспертцентр ташкилоти фуқаролар томонидан бўладиган мурожаатларни 45 кун давомида кўриб чиқиши, талабгорларнинг Москвага бориб келиш, бир ярим ой ариза жавобини кутиши ва тўловлар учун қанча сарф харажатлар каби оворагарчиликлар кузатилар эди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг