Ахборот хавфсизлиги мутахассислари Москвада «Инфосистемы Джет» компанияси вакиллари билан учрашди

Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази мутахассислари директор ўринбосари Р.Юнусов бошчилигида 2018 йил 30 май куни Москва шаҳрида Россиянинг «Инфосистемы Джет» компанияси раҳбарияти билан учрашди.
Учрашув доирасида томонлар ўта муҳим аҳамиятга молик бўлган инфратузилмалар объектларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан профессионал фикр-мулоҳаза алмашдилар.
«Ахборот хавфсизлигига таҳдидлар табиатининг трансчегаравийлигини инобатга олиб, турли мамлакатларнинг мазкур соҳадаги мухатассислари ҳамкорликда фаолият олиб боришлари зарур. Бундан ташқари, тадқиқ этилган халқаро тажрибалар россиялик мутахассисларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ёндашуви ва ҳатто айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам Ўзбекистонда қабул қилинганлари билан бир хил эканидан далолат бермоқда. Бу, ўз навбатида, ҳамкорликдаги фаолиятнинг самарадорлигини эътироф этади», — дея таъкидлади Р.Юнусов «Инфосистемы Джет» компаниясининг бош директори ўринбосари, тижорат директори Андрей Самойлов билан учрашув чоғида.
«Инфосистемы Джет» компаниясининг давлат сектори билан ишлаш бўйича Дастурий ечимлар марказидаги россиялик мутахассислар қуйидаги йўналишларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар:
- ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги технологиялар;
- ахборот хавфсизлиги инцидентлари мониторингини олиб бориш бўйича компаниянинг замонавий ечимлари;
- ахборот хавфсизлиги қисми бўйича ситуацион марказларнинг тезкор штаби, операторлик, сервер хонасини ташкил этиш;
- Россиянинг ахборот хавфсизлиги концепциясида назарда тутилган масалаларни ечиш бўйича Россия Федерациясининг янги регламент таъминоти;
- IT-инфратузилма ва ахборот хавфсизлиги мониторинги.
Сўнгра ўзбекистонлик мутахассисларга Россия Федерацияси Тамбов области учун портал форматида ташкил этилган Jet Situation Centre ечимининг демо талқини намойиш этилди.
Учрашув ниҳоясида Р.Юнусов фуқаролар маълумотларини қўшимча тарзда оператив қайта ишлаш учун идентификация рақамлари порталини ташкил этиш бўйича жорий режалар билан компания вакилларини таништирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter