Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқанддаги «ажабтовур» бинони бузиш бошланди

Самарқанддаги «ажабтовур» бинони бузиш бошланди

Самарқанд тумани «Жўйисой» маҳалласида фуқаро Ф.Халилов томонидан ўз уйининг бир қисмини бузиб, ўрнига меҳмонхона қурилиши ҳеч қандай шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилган.

Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган «қўзиқорин уй» юзасидан билдирилган расмий муносабатида маълум қилди.

Вазирликка кўра, мазкур бино қурилиши жараёнида бир неча бор огоҳлантирилган, бироқ шунга қарамасдан мулк эгаси қурилишни ноқонуний давом эттирган.

Хусусан, бино қурилишиида қуйидаги бир қатор камчиликлар аниқланган:

  • Қурилишга рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси мавжуд эмас;
  • Архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) мавжуд эмас;
  • муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган;
  • белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган;
  • меҳмонхона мажмуаси обекти бош режасини натурага кўчириш далолатномаси расмийлаштирилмаган (ШНҚ 3.01.01-03нинг 2.4 банди бажарилмаган);
  • қурилиш обектида фойдаланилган қурилиш материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги паспорт ва сертификатлари тақдим этилмаган;
  • ШНҚ3.01.01-03 нинг 7.8,9.9 бандларига асосан ёпиқ ишларни гувоҳлаш далолатномалари тақдим этилмаган;
  • мутахассислар томонидан бинонинг сейсмологик жиҳатдан талабларга жавоб бермаслиги ҳам аниқланган.

Шунингдек, юқоридаги камчиликлар мавжуд бўлсада, қурилишга рухсат берувчи бошланғич шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган бўлса ҳам қурилиш-монтаж ишлари конструкциялар битгандан сўнг «Констант Проект» МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. «Триумф Проект» МЧЖ хусусий экспертиза ташкилоти томонидан эса тўлиқ ишлаб чиқилмаган лойиҳа ҳужжатларига бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолда хулоса берилган.

«Ўзоғирсаноатлойиҳа» институти АЖ ва ҳудудий инспекция ходимлари томонидан 2022 йил 6 май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, институтнинг хулосасига асосан бинонинг ҚМҚ, ШНҚ талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлиги ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилган.

Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган бу бино бўйича Республика комиссияси хулосаси ва 2022 йилнинг 6 июл куни фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди томонидан Ф.Халиловга Самарқанд тумани «Жўйисой» МФЙ ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган 12 қаватли бино-иншоот (меҳмонхона)ни ўз ҳисобидан бузиши тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган ва ижро учун юборилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг