Самарқанддаги маҳаллада бирйўла ўнта «Олтин тўй» нишонланди
Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласида 50-65 йил давомида бирга бахтли ҳаёт кечираётган 10 та жуфтликнинг олтин тўйлари ўтказилди.
Маҳалла маркази безатилган ҳовлисига кириб борар экансиз, ўзига хос шукуҳни ҳис қиласиз. Тўрда тадбир сабабчилари – нуроний қариялар ўтиришибди. Уларни қутлаш учун узоқ-яқиндан келган меҳмонлар, маҳалланинг ёшу кайвониси ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинаяпти.
Одатда, оиланинг 55 йиллигини – «зумрад тўй», 60 йиллигини – «олмос ёки бриллиант тўй», 65 йиллигини эса – «темир тўй» деб номлашади. Маҳалла фаолларининг айтишларича, олтин тўйни нишонлаётган отахон-онахонларнинг кўпчилиги вақтида ана шу санани нишонламаган. «Шу сабабли тадбиримизни умумийлаштирган ҳолда «олтин тўй» деб атадик» дейишди.
Лекин, тадбирнинг моҳияти бундан кенгроқ.
– Ҳозирда оилавий ажримлар кўпайиб кетаётган бир вақтда оғир шароитга қарамасдан камида ярим аср давомида бирга ҳамжиҳатликда яшаб келаётган нуроний отахон ва онахонлар ҳаётини ибрат бўлишини инобатга олдик. Бундай тадбирлар ёшлар учун тарбия мактаби бўлишига умид боғладик, – дейди «Боғимайдон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, журналист Тошпўлат Раҳматуллаев.
Ташаббус вилоят ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қувватланган. Жуфтликларни қутлаганлар орасида ҳокимликлар, Нуронийлар кенгаши, Республика Маънавият ва Маърифат маркази шаҳар бўлинмаси ва қатор бошқа ташкилотлар вакиллари бор эди. Шунингдек, Самарқанд шаҳар ФХДЁ бўлимидан берилган рамзий гувоҳнома, маҳалладаги 60-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг табриги ўзига хос бўлди. «Олтин тўй»да хонанда Эркин Қайтаров бошчилигидаги санъаткорлар гуруҳи даврага файз бағишлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter