Самарқанддаги ЙТҲда вафот этган аёлнинг ҳокимлик йиғилишига чақирилгани рад қилинди

Бир муддат олдин жорий йилнинг 19 июл куни 22:00 атрофида Пастдарғом тумани Беклар маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Самарқанд - Каттақўрғон йўлида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгани ва ушбу ЙТҲда туманнинг «Ўтарчи» маҳалласи хотин-қизлар фаоли М.Алиева воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Пастдарғом тумани ҳокимлиги марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, Алиеванинг ижтимоий тармоқларда тарқалаётганидек, ҳокимлик йиғилишига чақирилмаганини таъкидламоқда.
«Ушбу ноҳуш ҳолат бўйича оммавий ахборот воситаларида мақола, кўрсатувлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда, ҳамда «Ўтарчи» маҳалласи хотин-қизлар фаоли 2023 йилнинг 19 июл куни туман ҳокимлигига кечки вақт 18:00 да йиғилишга чақирилганлиги асоссиз айтилмоқда», – дейилади ҳокимлик муносабатида.
Шунингдек, туман ҳокимлиги 19 июл куни туман ҳокимлигида, Оила ва хотин-қизлар бўлимида ва секторларда маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун ҳеч қандай йиғилишлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмаганлигини ҳамда марҳума туман ҳокимлигига чақирилмаганлигини маълум қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter