Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқанднинг ёши 3000 йил деб қайта баҳоланади

Самарқанднинг ёши 3000 йил деб қайта баҳоланади

Фото: Экстрагид

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг кеча ўтказилган навбатдаги сессиясида шу хусусда қарор қабул қилинди.

Жорий йил бошида вилоят ҳокими ташаббуси билан Самарқанднинг тарихи, маданияти, меъморий ва археологик ёдгорликларини ўрганиш мақсадида ҳокимлик ҳузурида жамоатчилик кенгаши ташкил қилинган эди. Таниқли тарихчи ва археолог олимлар, зиёлилардан иборат кенгаш аъзолари бир неча йўналишларда тадқиқот ишларини олиб боришга киришди.

Самарқанд шаҳрининг ёшига аниқлик киритишга масъул гуруҳ Афросиёб ва Кўктепа ёдгорликларида, ҳозирги Кўксарой майдони ўрнида бўлган Амир Темур аркида фанлараро тадқиқот усулларини қўллаш орқали комплекс қазув ишларини амалга оширди.

«Самарқанднинг қадимий ўрни ва ёшини ўрганиш 150 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этиб, шаҳар дастлаб бундан 1500 йил олдин, кейинчалик 2000 минг йил, 1970 йилда 2500 йил олдин шаклланганлиги борасида хулосаларга келинган эди, — деди сессияда сўзга чиққан Cамарқанд Археология институти директори Мўминхон Саидов. — 2000-йилларда эса Ўзбекистон – Франция қўшма экспедицияси янги маълумотларни аниқлади ва Самарқанднинг ёши 2750 йил деб тасдиқланди. Лекин бу ҳам якуний хулоса эмас ва шунинг учун шаҳарнинг хронологияси бўйича тадқиқотлар кейинги йилларда ҳам давом этиб келмоқда. Хусусан, жорий йилдаги қазишма маълумотлари Самарқанд шаҳридан 25 километр узоқликдаги Кўктепа ёдгорлигида 1993–2006 йилларда олиб борилган қазишма ишларининг таҳлили асосида мутахассислар томонидан янги қарашлар шаклланишига туртки берди.

Ўзбекистон – Франция қўшма экспедицияси аъзолари М. Исомиддинов, Клод Рапен ҳамда М. Ҳасанов томонидан шу вақтга қадар Кўктепа ва Афросиёбда топилган материалларни қайта таҳлил қилиш орқали Самарқанд шаҳрининг шаклланиш даври 3000 йилга тенг эканлиги борасида фикр илгари сурилмоқда. Қайд қилинишича, милоддан аввалги I минг йиллик бошларида, яъни бундан 3000 минг йил олдин бу ерда шаҳар ҳокими қароргоҳи ва ибодатхонани ўз ичига олган йирик шаҳар шаклланган. Бу ҳолат «Авесто»да тилга олинган «Гава Суғуда» ва «Суғуд» тушунчалари билан уйғунлашади. Унда «Гава Суғуда» деҳқончилик ҳудудини, «Суғуд» эса маъмурий марказни англатган. Ушбу марказ айнан Кўктепа бўлганлиги таъкидланади. Милоддан аввалги VII-VI асрларга келиб Суғднинг маркази ҳозирги Афросиёб тепалиги ўрнига кўчади. Шу йилнинг март ойида Афросиёб ёдгорлигининг бир неча нуқтасида, жумладан, арк ва шаҳристон қисмида, яъни мудофаа девори яқинида кенг кўламдаги қазув ишлари олиб борилди.

Фото: ЎзА

Қазишмалар давомида қадимий мудофаа девори табиий лесс қатлам устида гувалаксимон шаклдаги хом ғиштлардан қурилгани аниқланди. Тадқиқотлар натижасида ушбу деворнинг ғарбий томонга қараб 22 метргача давом этувчи янги қисми маълум бўлди. Бу эса аркнинг милоддан аввалги VII-VI асрлардаги меъморий режасига аниқликлар киритиш имконини берди. Шунингдек, Арк ҳудудидан милоддан аввалги VII-VI асрлардан тортиб XII асргача бўлган даврларга оид топилмалар чиқди. Девор асосидан пастда жойлашган қатламлардан эса сопол парчалари, ҳайвон суяклари ва органик моддаларни ўз ичига олган археологик материаллар аниқланди.

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

7 метрдан зиёд чуқурликда милоддан аввалги VII-IV асрларга мансуб мураккаб мудофаа тизими очиб ўрганилди. Иккита қазишмада аниқланган археоботаник ва археозоологик топилмалар таҳлил учун Франция, Германия ва Япония лабораторияларига жўнатилди. Ҳозирги вақтда уларнинг таҳлили амалга ошмоқда. Шу пайтгача тўпланган илмий маълумотлар тегишли идоралар, жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси, Маданий мерос агентлиги қошидаги илмий кенгашга жўнатилиб, уларнинг ижобий хулосалари олинди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Самарқанд археология институти ва халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари бўйича Самарқанд шаҳрининг илк урбанизацияси милоддан аввалги II мингинчи йиллик охири ва I мингинчи йиллик бошларига тааллуқли эканлиги ҳақидаги тақдимот материалларини маълумот учун қабул қилиш, Афросиёб ва Кўктепа ҳудудларида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида топилган осори-атиқалар, илмий маълумотлар ва ҳужжатларни тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этиш бўйича қарор қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг