Саудия компанияси Сирдарёдан Бахтгача бўлган айланма йўлни қурмоқчи
Автомобил йўллари қўмитасида Саудия Арабистонининг «Al Bawani» йирик қурилиш компанияси ҳамда «SAJCO» компанияси раҳбарларидан иборат делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган хорижий компания вакиллари ўз фаолият йўналиши ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.
Компания вакилларининг қайд этишича, йўл қурилиши соҳасида фаолият олиб борувчи ҳар иккала компания молия, йўл қурилишини лойиҳалаштириш, асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, сув тўғонлари, касалхона ва аэропорт қурилиши каби яна бир қанча йўналишлар бўйича йирик Халқаро лойиҳаларни амалга ошириб келишмоқда.
Автомобил йўллари қўмитасига ташрифнинг асосий мақсади ҳам «Тошкент–Термиз» йўналишидаги М39 автомобил йўлининг умумий узунлиги 38 км бўлган «Сирдарё–Бахт» айланма йўлини қуриш бўйича музокаралар олиб бориш бўлиб, ҳар икки томон ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича ўз таклиф ва фикрларини ўртага ташладилар.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий инфратузилмани ўрганиш ниҳоятда муҳим. Шу боис хорижий ҳамкорларга Сирдарё вилоятига бориб, қуриладиган объект билан танишиш таклифи илгари сурилди ва саудиялик тадбиркорлар Сирдарё вилоятига жўнаб кетишди.
Kun.uz нашрининг Қўмита расмийсига таяниб маълум қилишича, ушбу лойиҳа ҳали ишлаб чиқилмаган, уни қайси компания амалга ошириши ҳам номаълум. Йўл қурилишига яна 4-5 та компания қизиқиш билдирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter