Саховатпешалар Сардоба сари сафарбарликда

Ўзаро ёрдам, мурувват, йиқилганни суяш, беминнат ва беғараз кўмак бериш сингари қадрулабад фазилатлар халқимизнинг жон томири ва қон томирига сингишиб кетган. Ҳаётнинг оғир синовларида зилзила, сув тошқинлари сингари табиий офатларни, иккинчи жаҳон уруши изтиробларини бошдан кечирган мардонавор туриб берган фидойи, бағрикенг ва меҳридарё халқнинг фарзандларимиз биз. Бир оёғимиз лат еса, иккинчиси ҳам, бир кўзимиз ёшарса иккинчи кўзимиз ҳам ёшланадиган жон-у тани бир бўлган халқмиз биз.
Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув тошиши натижасида Сардоба тумани аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилингани ҳақидаги хабар қондош-қариндошлик туйғусини ҳис этган ҳар бир ватандошимизни чуқур қайғу ва ташвишга солди. Ўзаро ёрдам қўлини чўзиш, имкони борича кўмаклашишга ҳам қўли, ҳам дили, ҳам тили билан бел боғлаган саховатпеша элдошларимиз Сардоба сари сафарбарликка жазм этишди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси ҳам бу ҳаракатдан четда тургани йўқ. Шундай даврда бир биримизни қўллаб-қувватлаш, турмуш шароити вақтинчалик оғирлашган Сидарёликларга кўмаклашиш, ўзаро ёрдам бериш, ҳамжиҳатлик муқаддас динимиз томонидан бизга берилган олий неъмат, мажбурият ҳисобланади, дейишади институтнинг асосий дарвозаси олдида совға салом, кийим кечаклар билан тўпланган профессор ўқитувчилар. Улар ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик халқимизни оғирини енгил қиладиган энг самарали, эзгу иш меҳр, саховат ойи ҳисобланган моҳи Рамазонда қилинган ёрдам савоби эканини бир-бирига қайта-қайта уқтиришарди.
Ёрдамга муҳтож Сирдарёликларни қўллаб-қувватлаш имконига эга, мард, саховатпеша ҳамкасблар юз-у кўзларида ачиниш ва ишонч туйғуси уйғун, савоб ишга шошилиб бошқаларни ҳам ана шу хайрли ҳаракатга чорлашмоқда.
2020 йил 3 май куни эрталабданоқ, институт ҳудудига кириш жойида яшаш учун туҳфа этилаётган чойшаблар, тўшаклар, аёллар, эркаклар, ёш болалар кийимлари, пойафзаллар, хўжалик воситалари, болалар ўйинчоқлари озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган «Меҳр-саховатли» юк машинаси Сирдарё вилоятига жўнашга шай бўлди.
Муҳими, улар гигиеник талабларга тўла жавоб берадиган тарзда тайёрланди.
Араблар Сайҳун, юнонлар Яксарт деб атаган Сирдарё сокинлиги билан, Жайҳун эса мавжкорлиги билан тарихга муҳрланган. Сирдарёликлар ана шу дарё сувидан сиридан баҳравар бўлган кучли, иродали, орқага тисарилмас мард инсонлардир. Чунки, улар орқасида суянадиган, ҳамқадам бўлиб бир сафда туриб кескин чора-тадбирлар кўраётган юртбошимиз ва саховатпеша юртдошларимиз бор.
Сардоба сари сафаримиз зафаримизга айланиши муқаррардир.
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ Матбуот хизмати раҳбари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter