Саёҳатга чиққан одамга маълум миқдорда пули қайтариб берилади
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари (ёки маҳаллий туристлар) учун «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (Cashback) тартиби жорий этилади.
Бундай таклиф Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигидан чиққан.
Бу ҳақда 30 апрель куни имзоланган «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида сўз боради.
Янги тартибга кўра саёҳат харажатларини қайтариш учун дастур доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан, унинг мобиль иловаси (платформа) ишга туширилади.
Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:
- авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;
- жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
- маданият ташкилотларига ташриф буюриш.
Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир маҳаллий туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
- авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади.
Платформа Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобиль иловаси (SoliqUz) билан интеграция қилинган ҳолда, харажатлар ҳаққонийлиги мобиль илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг матрицали штрих кодини (QR-код) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.
Саёҳат харажатларини қайтаришни молиялаштириш учун жорий йилда жами 30 миллиард сўм, жумладан, унинг биринчи босқичини молиялаштириш учун бир ҳафта муддатда 10 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter