Сенат олтита қонунни маъқуллади, биттасини рад қилди
2021 йил 26 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Сенат аъзолари, Ҳукумат мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Дастлаб сенаторлар «Расмий статистика тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, мазкур Қонун мамлакат миллий статистика тизими ҳуқуқий асосини яратиб бермоқда.
Қонунда расмий статистиканинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражаси, уларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Ушбу Қонуннинг ҳозирги кунда долзарблиги, ўтган давр мобайнида фуқароларнинг диний эътиқодини амалга оширишда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, диний таълим олишни ва диний ташкилотларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, динлараро ва миллатлараро низоларни келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги амалдаги Қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, унда суд тизимидаги чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у замон талабларига жавоб бермайди.
Шу сабабли янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилган.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонун маъқулланди.
Сўнгра «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Мазкур Қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Давлат бюджети харажатларининг 13,1 трлн сўмга оширилиши назарда тутилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, Қонуннинг мақсади жиноий даромадларни легаллаштиришга ва тероризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи томонидан Ўзбекистон миллий тизимини баҳолашнинг иккинчи босқичини муваффақиятли ўтказишга тайёргарлик доирасида ФАТФ тавсияларини қонунчиликка имплементация қилишдан иборат.
Қонун билан амалдаги 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Биринчидан, «Банк сири тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш киритиш орқали жиноий йўл билан олинган мол-мулкни аниқлаш, хатлаш ва мусодара қилишни таъминлаш мақсадида банк сирини ташкил этувчи маълумотларни прокурор санкциясига асосан прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув органларига тақдим этиш тартиби белгиланмоқда.
Иккинчидан, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш киритиш орқали 6 та тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан прокурор санкцияси билан банк сирини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонун маъқулланди.
Шундан кейин «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан Қонунни ишлаб чиқишда миллий қонун ҳужжатлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси ва юрист-олимлар фикрлари ўрганилмаган ва таҳлил қилинмаганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ҳамда қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан соҳада вужудга келган муаммоларни комплекс таҳлил қилиб, сўнгра амалдаги қонунчилик нормаларини тубдан такомиллаштириш масаласини ўрганиб чиқиш ва шундан сўнггина Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига махсус мусодара қилиш чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланиши билдирилди.
Шу боис Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
Ялпи мажлисда 19 та масала, шу жумладан, 7 та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter