Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Аслида ерга меҳр берган инсон бой бўлиши керак»

Шавкат Мирзиёев: «Аслида ерга меҳр берган инсон бой бўлиши керак»

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ангор туманидаги «Aнгор Сурхон ғурури» пахта-тўқимачилик кластери даласида пахта ҳосилини кўздан кечирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда 2018 йил январда вилоятга сафари чоғида кўрсатмалар берган эди. Шу асосида Сурхондарёда 6 та тўқимачилик кластери ташкил этилди. Улар жами пахта майдонининг 67 фоиздан зиёдини қамраб олган. 2020 йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган.

Кластер тизими соҳага замонавий технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий қилишда муҳим омил бўлмоқда. «Ангор Сурхон ғурури» масъулияти чекланган жамиятида ҳам янги иш услуби асосида ҳосилдорлик ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги оширилмоқда. Кластернинг жами майдони 9 минг 180 гектар бўлиб, шундан 8 минг 100 гектаридан кўпроғига экин экилади. Жумаладан, бу йил қарийб 5 минг гектар ерда ингичка толали пахта етиштирилган.

Юртимиз олимлари томонидан яратилган «Сурхон-14», «Сурхон-16» навлари икки йил мобайнида тажрибадан ўтказилди. Ингичка толали бу нав экстремал об-ҳаво шароитларига, сувсизлик, гармсел ва зараркунда ҳашаротларга чидамлилиги, эртапишарлиги билан аҳамиятли. Толасининг узунлиги, пишиқлиги, текстилбоплиги жаҳон бозорида харидоргир ҳисобланади. Бошқа навлар билан меҳнат ва ресурс сарфи бир хил бўлгани ҳолда ингичка толанинг иқтисодий самарадорлиги 60 фоиз кўп бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

— Биз еримизга, сарфланаётган харажатга нисбатан кам ҳосил оляпмиз. Нав билан, илмий агротехника билан шуғулланмай қўйгандик. Меҳнат унумдорлиги, манфаатдорлик паст эди. Аслида ерга меҳр берган инсон бой бўлиши керак. Бизнинг мақсадимиз шу. Илм бўлмаса, ривожланиш бўлмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир муҳим омил — бу йил зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш учун давлат бюджетидан 120 миллиард ажратилган эди. Жумладан, Сурхондарё вилоятида бу ишларга 13 миллиард сўм йўналтирилди.

Шу ерда бўлган мулоқот чоғида фермер ва мутахассислар бу чоралар яхши натижа берганини, мўл ҳосил сақлаб қолинганини билдиришди.

Президент ингичка толали ғўза навларини кўпайтириш ва экин майдонларини кенгайтириш, олимларни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди. Кластерлар фаолиятини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида айтиб ўтилди.

— Энди ҳамма кластерлар чорвачилик комплекслари ташкил қилади. Чунки уларда озуқа базаси бор. Чорвачилик ривожланса, гўшт, сут арзон бўлади. Бу халқимиз фаровонлиги, болаларимиз саломатлиги учун муҳим, — деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда кластерда 900 дан зиёд ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Келгусида қайта ишлашни кенгайтириш орқали янада кўп иш ўрни очиш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг