Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Миллий Мажлиси раисини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясининг 150-сессияси доирасида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафаровани қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодий ҳамкорлик йили доирасида биргаликда самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари фаол паллага кирган. Маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва бўлажак олий даражадаги саммитлар учун янги таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида парламентлар ўртасида яқин амалий ҳамкорликни ва фаол алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter